Тбилисида жосусликда айбланган тўрт Россия зобити устидан маҳкама бошланган. Тбилиси шаҳар маҳкамасига подполковник Александр Савва, подполковник Дмитрий Казанцев, подполковник Александр Баранов ва капитан Александр Завгородний келтирилганлар. Шунингдек, ўн бир нафар Гуржистон фуқароси ватанга хоинликда айбланганлар. Чоршанба куни ҳибсга олинган бешинчи ҳарбий - шартнома асосида ишлайдиган старшинани озод этишга қарор қилинган. Маҳкамада зобитларни россиялик адвокат ва Россиянинг Гуржистондаги элчихонаси ходимлари ҳимоя қилиши айтилган. Тбилиси шаҳар маҳкамаси тўрт зобитни икки ойга ҳибс этиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Гуржистон фуқароларига ҳам икки ойлик қамоқ жазосини тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилган. Россия қўшинларининг Тбилисидаги қароргоҳи биноси атрофи Гуржистон хавфсизлик кучлари томонидан ҳамон ўраб турилибди. Гуржистон расмийлари қўшинлар штабида улар жосусликда айблаётган олтинчи зобит - генерал-полковник Константин Пичугин яширинаяпти, деб ишонадилар. Пайшанба куни Гуржистон телеканалларидан бирида россиялик ҳарбийларнинг жосусликка алоқадорлигининг исботи маъносидаги видеоёзув намойиш этилган, унда Россия ҳарбийлари деб айтилаётган кишилар қандайдир буюмларни алмаштиришаётгани ва пул айирбошлаётганликлари акс этган. Жума куни Гуржистонда ишлаётган россияликларни ватанига қайтаришга қарор қилинган, шу мақсадда Тбилиси аэропортига келиб қўнган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқларида саксон нафардан ортиқ россиялик эвакуация қилинган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Гуржистондаги элчи Вячеслав Коваленкони чақириб олишга қарор қилган. Гуржистон Президенти Михаил Саакашвили ҳарбийларнинг ҳибсга олинишига Россия муносабатини "асабий тутқаноқ", дея баҳолаган. Россиянинг Бирлашган Миллатлар ташкилотидаги элчиси Виталий Чуркин БМТ Хавфсизлик кенгашидан Гуржистонни, унинг таъбирича, қабул қилиб бўлмас иғвогарлик учун қоралашни сўраган. Мухбирларнинг хабар қилишларича, Москва ва Тбилиси ўртасидаги алоқалар яқинда, айниқса Гуржистон НАТО билан яқинроқ ҳамкорлик музокараларига келишиши ортидан ёмонлашди. Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов НАТОнинг баъзи янги аъзолари Гуржистонга ноқонуний равишда Совет даврида ишлаб чиқарилган қуролларни сотаётганликларини айтган. НАТО Гуржистонни ҳам, Россия томонини ҳам босиқликка чақирган.
|