Афғонистондаги Америка қўмондонлигидан айтишларича, Покистон билан мавжуд тинчлик битимига қарамасдан, мамлакатнинг шарқий чегара ҳудудларининг айрим қисмларида афғон ва НАТО бошчилигидаги кучларга қаратилган ҳужумлар уч маротабага ортган. Олдинроқ Покистон ҳукумати Шимолий Вазиристон вилоятидаги қабилалар раҳбарлари билан имзолаган тинчлик битимига кўра, қабилалар Толибон дастакловчиларининг Афғонистон-Покистон чегарасидан ўтишлари олдини олишлари, бунинг эвазига Покистон ҳукумати бу ҳудудларда ҳарбий амалиётлар ўтказмаслиги керак. Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондонлиги вакили полковник Жон Парадиснинг Толибон янада фаоллашгани ҳақидаги баёноти Вашингтонда АҚШ Президенти Жорж Буш Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳамда Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан Вашингтонда учрашган пайтда эълон қилинди. Ушбу учрашувда Покистон ва Афғонистон раҳбарлари бир-бирлари билан суҳбатлашмаганлар, ҳатто қўл бериб кўришмаганлар. Жаноб Ҳомид Карзайнинг фикрича, айнан Покистоннинг Шимолий Вазиристонида тинчлик битимга эришилганидан кейин жангарилар Афғонистон ҳудудидаги фаолликларини оширганлар. Афғонистон раҳбари Покистон ҳукуматини ўз ҳудудида жангариларнинг ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганликлари ва ундан кейин Афғонистон ҳудудига ўтиб ҳужумлар уюштираётганига кўз юмиб келаётганликда айблайди. Шунингдек, жаноб Карзай покистонликлар Толибон раҳбарларини ўз мамлакати ҳудудида яшираяптилар, деб ишонади. Покистон Президенти Парвез Мушарраф эса Президент Карзайни ўз идорасидан ташқарини назорат қилолмаётганликда айблаган. Жаноб Мушарраф Шимолий Вазиристонда имзоланган битим Толибонга қарши кураш учун аҳамиятли эканини урғулади.
|