резидент Парвез Мушарраф Покистон жосуслик хизматининг "Ал-Қоида" ва Толибонга билвосита ёрдам бераётгани ҳақидаги Британия жосуслик хизмати ходими тайёрлаган ҳужжатдаги даъвони ғазаб билан инкор этган. Би-би-си билан суҳбатда генерал Парвез Мушарраф мамлакатининг жосуслик хизмати - ISI ўзига юкланган вазифани аъло даражада бажараяпти, деб айтган. "Мен буни 200 фоиз рад этаман. ISI "Ал-Қоида" ортидаги кучларни тор-мор этаётган жуда интизомли ташкилот. Агар бу ташкилот ўз ишини аъло даражада бажармаса 680 кишини қўлга олиб бўлмас эди", деб айтган Покистон президенти. Британия Мудофаа вазирлигига тегишли бўлган ҳужжатда Покистон жосуслик хизмати терроризмни дастаклаётган мамлакатдаги диний фирқаларни қўллаб-қувватлаётгани айтилади. Ҳужжатда Покистон бош-бошдоқлик ёқасидаги мамлакат дея баҳоланган. Британия Мудофаа вазирлигидан билдиришларича, ушбу ҳисобот мамлакат ҳукумати ёки вазирликнинг нуқтаи назарини акс эттирмайди. Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, АҚШ ва Британия аксилтеррор хизматлари вакиллари ўзаро суҳбатларда Покистон терроризмга қарши курашда бундан-да кўпроқ ҳисса қўшиши мумкинлигини билдирадилар. Шарҳловчилар Покистонда куч тизимлари давлат ҳаётида кучли таъсирга эга экани ва мамлакат махсус хизматлари фаолияти хорижий кузатувчиларда қатор саволларни туғдирганини таъкидлайдилар. Британия Мудофаа вазирлигининг ҳисоботига ўз муносабатини Президент Парвез Мушарраф Лондонда Британия Бош вазири Тони Блейр билан учрашувдан олдин билдирган.
|