Шу кунларда "қозоғистонлик журналист Борат" суратга олган янги фильмнинг экранларга чиқиши кутилаётир. Фильм қаҳрамони Америка бўйлаб сафари чоғида Қозоғистон ҳақидаги ичакузди ҳикояларни ҳикоя қилади. "Менинг исмим Борат. Мен қозоғистонлик журналистман. Менинг ҳукуматим мени бадиий фильм яратиш учун Амриқога жўнатди. Марҳамат --- томоша қилинг!", деб бошланади фильм. Инглизчани синиқ ва сохта Советлар лаҳжасида гапирадиган, бурама мўйловли Боратга ўлсангиз ҳам мамлакатингиз элчилигини топширмаган бўлардингиз. Устига устак у ўта қўпол, шилқим, антисемит ва ирқчи. У ўзининг Америка бўйлаб саёҳатини отларга қўшилган бузуқ енгил автомашинасини судраш билан бошлайди... Ҳар тўхтаганида Борат кимнидир ҳақорат қилади, кимнидир эса устидан кулади. Жомадонига товуқ солиб олган "қозоқ журналисти" юз-қўлини унитазда ювади ва "менинг мамлакатим шунчалар тараққий этганки, бизнинг аёлларга автобусда юришга рухсат берилган", - деб қўшиб қўяди. Борат уйдирма ном албатта. Бу қаҳрамонни британиялик қизиқчи Саша Барон Коҳен ўйлаб топган. Саша Барон вақтида бошқа миллатлар, жумладан инглизларни ҳам масхара қилган. Британиялик қизиқчининг янги фильмидаги ичакузди ҳангомалар фақат Қозоғистон ҳақида эмас. "Сизга бир нарсани айтай, сизнинг террор урушингизни қўллаб қувватлаймиз!" Бу саҳнада Америка нишонга олинган. Америкаликларга тўла стадионда чиқиш қилган Борат Жорж Бушнинг машҳур "террорга қарши уруш" иборасидан шундай фойдаланганки, натижада унинг айтганларидан Американинг ўзи аслида қолган дунёни террор қилаётир, деган маъно келиб чиқади. Америкадаги кўплаб таниқли шахслар Борат мутойибаси марказидан ўрин олган. Борат усули шундайки, интервью бераётган одамлар суҳбатни жиддий қабул қилишади ва Боратнинг кўрсатуви бошдан оёқ ҳазилу-мутойиба экани хаёлларига ҳам келмайди. Унинг билан суҳбатлашганлар ҳамманинг кўзи ўнгида масхара бўлаётганларини сезишмайди ҳам. Аммо Қозоғистон расмийлари Борат кўрсатувларида кулишга арзийдиган нарса йўқлигини айтишади. Улар бутун дунё Қозоғистонда фақат Боратга ўхшган одамлар яшайди, деган хулосага келишидан хавотирдалар. "Мен фильмда Борат намойиш этган нарсалар Қозоғистон эмаслигини айтмоқчиман. Уни Боратистон ёки шунга ўхшаш нарса деб чақирсангиз бўлади. Ақли бор одамлар ҳақиқий Қозоғистоннинг бундай бўла олмаслигини яхши билишади", дейди Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Роман Василенко. Аслида Қозоғистон ҳукумати Борат фильмларига қарши кураш кампаниясини бошлаб юборган. Америка ва Британия рўзномаларию-телевидениеларида замонавий ва демократик Қозоғистон сиймосини тарғиб этган эълонлару рекламалар чиқа бошлади. Боратдан унинг Қозоғистон рамзи билан нашр этила бошланган интернет саҳифаси тортиб олинди. Саша Барон Коҳенга қарши ҳаттоки жиноий иш қўзғатиш таҳдидлари ҳам бўлди. Бундан ташқари Қозоғистон ҳукумати Ҳолливуд юлдузлари билан бирга фильм олишга ҳам улгурди. Америкада яқин орада намойиш этиладиган "Номад" фильмида қозоқларнинг миллат сифатида пайдо бўлиши тасвирланган. Бу фильмга кўп эмас, кам эмас 40 миллион АҚШ доллари сарфланган. Хўш, нима учун Қозоғистон ҳукумати Борат феноменига ёпишиб олди? Қозоғистон ўзини замонавий мамлакат сифатида кўрсатиш учун жон-жаҳди билан уринаётгани бунга қисман жавоб бўлиши мумкин. Мамлакатдаги нефт ва газ конлари хорижий сармоядорларни ўзига жалб этган. Остона шаҳрини ҳукумат XXI асрга ўрнак пойтахт шаҳарлардан бирига айлантиришга бел боғлаган. Шаҳарга кўрк бериш учун яқинда дунёнинг машҳур архитектори Норман Фостер ойнали пирамида барпо этди. Бундан ташқари Қозоғистон 2009 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш илинжида. Аммо Вашингтондаги Жоржтаун университетининг Қозоғистон масалалари бўйича мутахассиси Шон Робертс фикрича, Борат ҳазилу-мазахларидан ранжиган Қозоғистон ҳукумати аста-секинлик билан бундай масалаларда ўзини қандай тутиш кераклигини ҳам тушуниб бормоқда. "Қозоғистон мустақил бўлганидан буён баъзи соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Қозоқлар жуда мағур миллат. Қозоғистон президенти мамлакатининг халқаро саҳнада эътироф этишларини истайдиган одам. Шу нуқтаи назардан олганда ўз мамлакатлари устидан кулишларига чидаш оғир нарса. Аммо қизиғи шуки, қозоқ расмийлари бора-бора бунинг катта муаммо эмаслигини тушуниб етишди ва бу вазиятни ўзлари учун фойда келтирадиган омилга айлантиришга эришдилар", дейди Шон Робертс. Хақиқатан ҳам яқинда қозоқ расмийлари Боратнинг чиқишларига анча кенгфеъллик билан муносабат билдиришди. Президент Назарбоевнинг қизи телевидение орқали чиқиш қилиб, қозоқ халқи юмордан қўрқмаслиги кераклигини айтди. Шундай экан, Борат энди унга суиқасд қилишларидан қўрқмаса ҳам бўлади. Бундай дейилишининг боиси, ҳозирда Америка кинотеатрларида намойиш этилаётган фильми охирида Борат томошабинлардан ўтиниб сўрайди: "илтимос, фильмни томоша қилинг. Бўлмаса мени қатл қилишади".
|