Россия Марказий сайлов комиссиясининг раиси Александр Вешняков Владимир Путинни учинчи муддатга президентликка сайлаш ҳуқуқини берадиган референдумни ўтказиш мамлакат конституциясига зид эканлигини билдирган. Шимолий Осетиядаги "Тотувлик ва барқарорлик" деб номланган ташаббус гуруҳи сентябр ойи бошида Россия Федерацияси конституциясидан бир шахснинг учинчи маротаба мамлакат президенти этиб сайланишини истисно қиладиган бандни олиб ташлаш борасида референдум ўтказиш таклифи билан чиққан, бу борада Россия Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этганди. Москвада ўтган матбуот анжуманида Александр Вешняков конституцияга ўзгартириш киритиш мақсадида референдум уюштириш назарий жиҳатдан мумкин, деб айтган. Россия қонунчилигига биноан, сайланган мамлакат президенти ёки парламенти фаолиятининг охирги йилида референдум ташкил қилиш мумкин эмас, Россия Давлат думасининг сўнгги йили эса шу йилнинг декабрида бошланади. Россия Марказий сайлов комиссияси Владимир Путинни учинчи муддатга мамлакат президенти этиб сайлаш мақсадидаги референдумни ташкил қилиш ташаббус гуруҳининг сўровини рад этган. "Тотувлик ва барқарорлик" гуруҳи референдумга таклиф этган савол шундай ифодаланган: "Сиз бир шахс икки муддатдан ортиқ Россия Федерациясининг президенти лавозимини эгалламаслигига розимисиз?" "Тотувлик ва барқарорлик" ташаббус гуруҳи фаоллари сайлов комиссияси қарори устидан Россия Олий судига мурожаат қилиш истагида эканликларини билдирганлар. Ташаббус гуруҳи аҳолининг кенг қатлами фикрларини ўрганиб чиққанликларини, аксар россияликлар Владимир Путиннинг учинчи муддатга сайланишини хоҳлаши маълум бўлганини айтадилар. Жаноб Путин учинчи муддатга президентликка сайланиш учун конституцияга ўзгартириш киритиш нияти йўқлигини қайта-қайта таъкидлаган.
|