Ироқдаги уруш умумжаҳон исломий жиҳод тарафдорларини жалб қилишга ёрдам берди, дейилади Америка жосуслик хизматларининг ошкор этилган махфий ҳисоботида. Якшанба куни "Нью-Йорк Таймс" рўзномаси жаҳондаги терроризмга бағишланган АҚШнинг 16 жосуслик идораси таҳлили асосидаги ҳисоботнинг айрим хулосаларини чоп этганди. Махфий ҳисоботдан парчаларнинг матбуотга сизиб чиққанидан сўнг Америка Президенти Жорж Буш унинг айрим қисмларини эълон қилишга ваъда берганди. Ҳисобот парчаларининг эълон этилишини танқид қилган Президент Буш, бундан кўзланган мақсад ноябр ойига белгиланган Конгресс сайловларига таъсир кўрсатиш, деб айтди. АҚШ президенти ушбу ҳисоботда Ироқдаги уруш муваффақиятсизликка учради, деган хулосага келингани борасидаги фикрларга қўшилмаслигини айтган. Ҳисобот хулосалари АҚШ Президентининг Ироқда қолиш керак, деган ташаббусини қўллаб-қувватлашга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, эълон қилинган парчалардан бу ҳисоботда Оқ уй истамайдиган нуқталар ҳам мавжудлиги кўринади. Махфий ҳисоботда ёзилишича, Ироқдаги жиҳод террорист раҳбарлар ва ижрочиларнинг янги авлодини пайдо қилади. Америка етакчилигида амалга оширилаётган терроризмга қарши кураш "Ал-Қоида"га жиддий шикаст етказган, аммо дунё бўйлаб радикал исломий ҳаракат қайтага кучланган. Жиҳодчилар муваффақиятни қўлга киритдилар, деган талқин дунёнинг бошқа бурчакларида ҳам жангариларни илҳомлантириши мумкин, деб мулоҳаза билдирилади. Мусулмонлар орасида жуда кам фоизни ташкил этса-да, жангариларнинг сони ҳам, жўғрофий миқёси ҳам ортиб бораётгани қайд этилади ўттиз бетлик ҳисоботнинг матбуотда чоп этишга рухсат этилган қисмларида. Бироқ эълон этилган парчалар америкаликларга етарли маълумот бермайди, деган хулосага келган Америка демократлари Буш маъмуриятидан ҳисоботни тўлалигича босиб чиқаришни талаб қилганлар.
|