Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев хамкасби Жорж Буш билан ўзаро алоқаларни мухокама этиш учун Вашингтонга йўл олган. Охирги тўрт йил ичида ғарб матбуоти билан қилган илк суҳбатида жаноб Назарбоев ўз мамлакатини собиқ совет иттифоқидаги энг фаровон ва демократик давлатга айлантиришга бел боғлаганини айтган. Қозоғистон Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёдаги энг яқин иттифоқчисидир, аммо у Россия ва Хитой билан ҳам яхши шериклик муносабатларида. Уларнинг барчаси Қозоғистонинг йирик нефт ва газ заҳираларига катта сармоялар киргизишмоқда. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Би-би-сига берган махсус интервюсида мамлакатининг АҚШ билан давомли ҳамкорлиги ҳақида узоқ гапирди. Жаноб Назарбоев, шунингдек, террорга қарши курашда ўз мамлакати ролини таъкидлаб, Ироқ ва Афғонистондаги қайта қуриш ишларидаги ҳиссасини урғулади. У, шу билан бирга, Қозоғистонни ядро қуролидан холи мамлакат деб эълон қилиш қарорининг муҳимлигини айтиб, АҚШнинг Қозоғистонда Шўролар давридан қолган ядро қуролларини йўқотишдаги кўмагини олқишлади. Қозоғистон президентига кўра, Вашинтонга сафари чоғида иқтисодий ҳамкорлик масалалари асосий ўринни эгаллайди. Америка Қозоғистоннинг нефт ва газ соҳасига энг кўп сармоя ётқизган давлатлардан ва мамлакат иқтисодиёти Марказий Осиё республикалари орасида энг тез суръатлар билан ривожланмоқда. Жаноб Назарбоев сўзларига кўра, у Америка билан ҳамкорликни янада илгари сурмоқчи. Аммо бу ҳамкорлик қўшнилари - Хитой ва Россия билан муносабатларга зарар етказадиган йўлда амалга оширилмайди, дейди жаноб Назарбоев. Ҳам Хитой ва ҳам Россия Қозоғистондаги энергия заҳирларини ташувчи қувур йўлларини бошқаради. Энергия заҳирларига эришиш учун рақобат туфайли Қозоғистон иқтисодиёти гуллаб-яшнамоқда ва собиқ иттифоқ ҳудудида бу кўриниш тез-тез рўй бермайди. Аммо Қозоғистон президенти танқидчиларининг айтишларича, бу рақобат туфайли Америка мамлакатдаги демократик ислоҳотларнинг йўқлигига кўз юммоқда. Қозоғистонда матбуот давлат назорати остида ва шу вақтгача ўтказилган сайловлардан биронтаси озод ва адолатли дея қабул қилинмаган. Президент Назарбоев эса мамлакатда демократия йўқлигини тан олган ҳолда, айни вақтда унинг асосий мақсади ана шу демократияга эришиш эканлигини айтди ва эндигина мустақиликка эришган мамлакат учун бу мақсадга эришиш учун вақт талаб қилинишини билдирди. Қозоғистон президенти сиёсат ва бизнес саҳнасида аллақачон таниқли бўлган оиласи аъзоларининг келажакда унинг ўрнини эгаллаш ҳаракатида эканликларини рад этди. Унга кўра, у ўз фарзандларига бизнес ё-да сиёсат билан шуғулланишни маън эта олмайди, худди собиқ Америка президенти Жорж Буш ўз ўғлига президент бўлишни тақиқлай олмаганидек. Аммо Қозоғистонда монархия ўрнатилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, дейди Президент Назарбоев.
|