Яна пахта ҳақида ёзишга қишлоқ хўжалиги бўйича ёш тадқиқотчи йигитнинг қуйидаги ҳикояси сабаб бўлди. Уни бор бўйича эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Воқеалар қайси замонни эслатиши, албатта яқиндан тарихдан хабардор кишига, яхши маълум бўлса керак. “Қишлоқ хўжалигига оид илмий тадқиқотлар қилувчи корхонамиз Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида жойлашган. Мен энг ёши бўлганим учун пахта масаласи бўйича мажлисга жўнатишди. Туманда борки корхона раҳбарлари ва вакиллари шу ерда йиғилган. Юқорида ҳоким ва прокурор ўтирган экан. Ҳоким юқоридан берилган махсус буйруқ бўйича ҳар бир корхонада пахта теримига жалб этиладиган ходимлардан иборат “пахта отрядлари” тузилиши ва зудлик билан теримга жўнатилишини айтди. Сўнг ҳоким ҳар бир отрядда қанчадан киши бўлиши ҳақида бирма-бир буйруқ бера бошлади. Бир корхона раҳбари 90 кишидан иборат отряд тўплаши ҳақида буйруқ олганидан кейин “кечирасиз, бизда бунча одам йўқ, қандай тўплайман” дея норозилик билдирди. Ҳоким прокурорга қаради. Прокурор буйруқ берди: “Олиб боринглар, қамоққа тиқинглар!” У одамни милиционерлар олиб чиқиб кетди. 20 йил олдин бўлганидек пахта режаси қандай усул билан бажарилаётгани ўйлантирмайди Эртасига кўрпа-тўшакни кўтариб туман марказига йиғилдик. Бизни автобусларда колонна қилиб, милиция ҳамроҳлигида Бўка туманига олиб бориб, олис бир қишлоқдаги хонадонларга жойлаштира бошлашди. Абгор бир ҳовлига кирдик. У ерда каталакдек 3 хона бор экан. Бу хонадон эгаларини битта хонага кўчириб, қолганларига бизни жойлаштиришди. Мен ва яна олти киши полсиз, зах ерга кўрпа-тўшагимизни солдик. Орамизда ҳамма касб эгалари, доктордан тортиб маҳалла қўмитаси қоровулигача бор. Шу пайт қўшни ҳовлидан шовқин эшитилди. Қўшни хонадон эгаси уйига “ҳашарчиларни” киритишга қаршилик кўрсатаётган экан. Биз ҳам кўчага чиқдик. Туман ҳокими ва ички ишлар бўлими бошлиғи милиционерлар ҳамроҳлигида етиб келди. Ҳоким буйруқ берди: “Ушланглар бу одамни, қамоққа тиқинглар! Кимки қаршилик кўрсатса, ҳаммасини олиб бориб қамоққа тиқинглар!” Биринчи куни 50 кило пахта тердим. Кейин белим ва буйрагим оғриб яхши тера олмадим. Далада бригадирлар ва фермерлар билан гаплашиб, уларнинг аҳволи бизникидан баттар эканини кўрдик. Раҳбарлардан эшитган гаплари фақат “қамоқда чирийсан, отиласан” экан. Колхоз раислари, бригадирлар ва фермерлардан “пахта режасини бажара олмасам ҳар қандай жазога розиман” деган тилхат мажбуран ёздириб олинибди. “Қамоқда чирийсан, отиласан”лар билан пахта терилаётгани ҳақида матбуот ёзмайди Аввал пахта теримига жалб қилинган техникаларга “йўл путёвкаси”си бериларди, ҳозир ҳар бир ҳайдовчига махсус ҳужжат берилган. Унда отряд рақами, қанча одам борлиги, кеча қанча пахта тергани ва бугун қайси пахта участкасида ишлаши каби маълумотлар кўрсатилиши ва тўлдириб борилиши лозим. Лекин отряддагиларга берилаётган овқатлар яхши экан, тўғри Тошкентдан олиб келар экан. Рости, уйда ҳам бундай овқатга қурбимиз етмайди. Тўртинчи куни уйга, хотинимга телефон қилган эдим кичик ўғлим касал бўлиб қолгани ва уйда егулик қолмаганини айтди. Раҳбарлар кетишга рухсат бермагач, уйга, Тошкентга қочиб келдим. Бир шеригим агар биз биркитилган колхоздан керакли одамни топиб 50 минг сўм тўласам мени ҳар куни пахта тераётган кишилар рўйхатига қўшиб қўйиши ва ўзим уйда юраверишимни айтди. Бироқ менда бу пул йўқ. Ҳозир бошлиғим тинимсиз уйга қўнғироқ қилади, тезроқ пахтага бор, агар бирор гап тегиб қолса, тамом, оқибати чатоқ бўлади, деяпти. Мен эса нима қилишни билмайман.” -------------------------------------------------------------------------------- Farruh Shomurotov, Farg'ona, Uzbekiston Ey qoyil! Mana qanaqangi zamonda yashayapmiz. Odamlarni bunchalik horlashni o'zi bo'lmaydida. Ey odamlar, adashmasam biz rosa eshituvdik shekilli pahtaga majburiy olib chiqilish SSSR da qolib ketdi deb. Kimddir o'sha majburlaganlarning yuziga yahshilab tupuruvdi shekilli, endi biz yangicha hayotda yashaymiz deb. Bugun osha shahs tupugini yalaab olayaptimi deyman? Nechevo uyat emas. Gaziga bosing. Siz uchun hech narsa uyat emas hozir. Ҳасанов, Дубай Ман шу ҳолатга яқин бир ҳикояни айтай. Ўзим ҳозир Дубайда ишлайман. Ҳар йили ота-онамни кўриш ва дам олгани Тошкентга бораман. Шунда биринчи муаммо ҳамиша ўзимизнинг аэропортдаги қийинчиликка дуч келаман. Охирги марта мани юким икки соат кечикиб чиқди. Кейин билсам, мани текшириш, мандан пул ундириш истагида эканлар. Божхона назорат бўлимида ҳамма нарсаларимни бирма-бир кўрсатишга мажбур бўлдим. Юк ичида ўзимни шахсий кийимим бўлади. Шуни ҳам билиб туриб, мандан сўрадилар, нега ёзилмаган декларацияда, деб. Буни ўзи ҳам билади шахсий нарсалар ёзилмаслигини. Кейин буларга рухсат берилганлигини ва бу нарсалар ҳеч ҳам ёзилмаслигини айтдим. Шу вақтдаги манзарадан ўзим уялиб кетдим. Ҳолатни қаранг! Ман туриб томоша кўрсатаётгандай қатор аэропорт ходимлари, божхона ходими ҳам қараб туришибди. Мақсади мани соддалигимни текшириш. Ман буларни кўравериб анча биламан. Ман ўз юртимга хурсанд бўлиб келаётибман. Аммо биринчи қадамдан мани хор қилишга уринишаяпти. Пул бераман ва тез чиқаман десангиз, баттарроқ ҳолга учрашингиз мумкин. "Ҳа, бу болада бир гап бор, оз пул бермоқчи", деб назоратни кучайтириб, пулни яхшироқ олиш пайига тушадилар. Ҳеч бера кўрманг! Ҳеч нарса қиломайдилар, агар декларацияда ҳамма юкингиз рўйхатда бўлса. Ҳужжатларим ҳаммаси жойида. Охири амаллаб чиқдим аэропортдан. Дадам ва акам кутиб ўтиришган экан. Кўриб хурсанд бўлдим. Уйга келганимда Онамлар йиғлаб кутиб олдилар, чунки мани аэропортда бўлган маҳалимда жуда хавотир олиптилар. Онамни кўз ёшларини кўриб ҳалигиларни қилган ишидан янада ранжидим. Кейин уларни ҳам оиласи борлигини эслаб кечиришга уриндим. Улар ҳам пул топиши ва оиласини боқиши керак. Уларни кўпи оч эди. Номсиз Ихтиёрсиз, Орландо, АҚШ Турмуш ўртоғим билан АҚШга келганимизга 3 йил бўлади. 1 яшар болани ташлаб келганмиз - ким айбдор? Бизми? Давлатми? Одамларми - аҳволимиз шу кўринишга келиб қолганига? Бу ерга келиб, энг паст, оғир ишда ишласак ҳам, шукр қиламиз - катта опам 3 та болани ташлаб 300 доллар деб Туркияда хизматкорлик қилиб юрибди. Нега шундоқ? Олий маълумотли, ақл-ҳуши жойида, ишлаш иштиёқи борлар ишсиз, ночор? Мен шу пайтгача эслай олмайман - ЎЗБЕК халқи бунчалик уй-жойи, оиласини ташлаб ёппасига ВАТАНДАН чиқиб кетишга ошиққанини. Уруш йўқ, худога шукр, ватанимизда тинчлик, дейишади. Шунақамикан? Балки сал овозимизни чиқариб, норозилик билдириб туриш керакми, ҳадеб "ХАЛҚ ОТАСИ"ни ортига пахта қўявермасдан? Шу ерга келиб сездим "инсонийлик қадр-қимматимни". Неча минг хил миллат, дин бир жойда тинчлик билан "РИЗҚИНИ ТЕРИБ ЮРИБДИ". Нега бизнинг давлатда бу нарса иложсиз бўлиб қолди? Шунинг учун шукр қиламанки, бу ерда оғир меҳнат-ла бўлсада, ҳалол пул топишдан ташқари, ўзимиздан орттириб, оиламизга ёрдам бера оламиз. Мен ҳар доим бир гапни айтаман: Каримов ўзбек халқини бутун дунёга ҚУЛ қилиб берди. Ичим тўла нидо, гапирай десам, гап кўп...
|