Тожикистонда 6 ноябрга белгиланган мамлакат президентлигига сайловолди кампанияси бошланди. Мамлакатда беш киши президентликка ўз номзодини илгари суриши маълум қилинган. Тожикистондаги асосий мухолиф ҳаракат - Ислом Уйғониш партияси бўлғуси президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурмаслигини айтган. Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида дунёвий ҳукуматга қарши курашган исломий партия сайловларнинг озод ва адолатли ўтиши эҳтимоли жуда паст эканини айтган. Олдинроқ мухолифатдаги икки фирқа - Демократик ва Социал-демократик партиялар сайловларни бойкот қилишларини айтишганди. Улар президентлик сайловларини ўтказишнинг ўзи ноқонуний эканини даъво қилишди. Бўлажак сайловларда жорий Президент Имомали Раҳмонов учинчи бор ўз номзодини қўйишга қарор қилган. Агарда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоновга ижобий баҳо бермоқчи бўлсангиз, бир неча йил аввал фуқаролар уруши гирдобида бўлган мамлакатни маҳорат ва пўписалар йўли билан бирлаштириб туришга муваффақ бўлганлигини айтишингиз мумкин. Аммо Раҳмонов танқидчиларига кўра, бу бирлашув мамлакатга ўта қимматга тушди ва президент бошқаруви тобора авторитарлашиб бормоқда. 1997 йилда эришилган тинчлик битими иккала томон раҳбарларининг сиёсий воқеликка тан беришлари сифатида талқин қилинганди. Ушбу битим рақиблар ўртасида тинчлик ўрнатгандек эди, аммо амалда мамлакатда Президент Раҳмонов устуворлиги мавжуд эди. Унга бу йўлда мухолифат ичидаги бўлинишлар, аксар тожикларнинг яна низо келтириб чиқаришдан ҳайиқиб сиёсатга аралашмаслик интилишлари ва расмийлар томонидан назоратни кучайтириш амаллари жуда қўл келди. Мамлакатдаги мустақил матбуот охирги йилларда турли тўсиқларга дуч келди. Сайловларда жаноб Раҳмоновга ҳақиқий рақиб бўла оладиган номзодлар ҳибсга олиниб бир ёқлик қилинди. Ўтган йили Президент Раҳмонов партиясининг таниқли аъзоси Ёқуб Салимов хоинликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Демократик партия раҳбари Маҳмадрўзи Искандаров эса терроризм айблари билан қамоққа ташланди. Бу йил эса бир вақтлар президентга ўта яқин бўлган Ғаффор Мирзоев президентни ағдариш ҳаракатларида айбланиб қамоққа олинди. Тожик мухолифати ўтган ойда Ислом Уйғониш партияси раҳбари Саид Абдулло Нурининг вафоти билан яна бир катта йўқотишга юз тутди. Бошқа томондан Президент Раҳмонов тўртинчи бор ўз номзодини сайловларда илгари сурмоқда экан, мухолиф кучлар бу амал ноқонунийлиги ҳақида бонг уришмоқда. Жаноб Раҳмонов 1997 йилги битимдан авваллоқ икки муддат президент бўлганди. Аммо келишувга мувофиқ ўшанда мухолифат уни яна бир бор, аммо етти йиллик муддатга деярли рақибларсиз сайланишига рози бўлди. Аммо 2003 йилда Президент Раҳмонов қаттиқ қарама-қарши фикрларни уйғотган референдумни уюштирди. Референдум натижаларига кўра, эндиликда у яна икки муддат, яъни 2020 йилга қадар президентликка ўз номзодини илгари суриши мумкин.
|