Рим Папаси Бенедикт XVI Ислом билан Католик черкови муносабатларидаги тангликни юмшатиш илинжида мусулмон давлатлар элчилари билан учрашган. Папа Бенедикт XVI йигирма бир мусулмон давлатидан келган вакилларни Рим четидаги ўзининг ёзги "Кастелгадолфо" саройида қабул қилган. Рим Папаси мусулмонларнинг динини тўла ва чуқур ҳурмат қилишини айтган, динларарро мулоқот зарурлигини урғулаган. "Насронийлар ва мусулмонлар ўртасидаги эътиқодлараро ва маданиятлараро мулоқот ўта муҳим аҳамиятга эгадир ва келажагимиз асосан шунга боғлиқ", деб айтди Рим папаси Бенедикт. Бунга жавобан Ироқ вакили Алберт Елда, бўлиб ўтган воқеани орқада қолдириб, келажак учун кўприк қурадиган фурсат етиб келди, деб айтган. Бу учрашув шу ой бошида Рим папаси ўз нутқида ўтган асрларнинг диний зўравонлигидан иқтибос келтириши ортидан мусулмон дунёси билан юзага келган инқирозни юмшатиш борасидаги Ватиканнинг энг охирги ҳаракати бўлди. Халқаро дипломатия тили саналмиш француз тилида сўзлаган Папа Ислом эътиқоди аъзоларига бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди, мусулмон ва насронийлик эътиқод ва маданиятлари ўртасида ҳақиқий мулоқот ўрнатилишига чақирди. Яна бир бора у икки эътиқод ўртасида умумий диний қадриятлар борлигини ва уларнинг бир Худога ишонишларини таъкидлади. Ўз нутқидан сўнг, Папа таклифини қабул этган 21 мусулмон элчилар билан бир-бирма бир суҳбатлашди. Ўзининг ўтган йил Кёльн шаҳрида қилган нутқидан иқтибос келтириб, бу "мулоқот" нафақат муқобил ечим, балки келажакни ҳал этувчи зарурат эканини айтди. Рим Папаси таклиф этган мусулмон давлатларидан фақат Судан вакили учрашувда иштирок этмаган. Бундан аввал эса Рим Папаси бир неча бор қилган ишидан афсусда эканлигини айтганди.
|