Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 'мусулмон бўлмаганлар ҳам гапнинг нотўғрилигини таъкидлашаяпти' Ислом Конференцияси ташкилотига раҳбарлик қилаётган Малайзиянинг Ташқи ишлар вазири Саид Ҳамид Албар Рим папаси Бенедикт XVI-ни ўтган ҳафта Ислом ҳақида келтирган танқидий иқтибосини тўла қайтиб олишга чақирган. Рим папасининг XIV аср Византия императорининг Муҳаммад Пайғамбар дунёга зўравонликдан бошқа нарса олиб келмаган, деган сўзларидан иқтибос келтириши дунё бўйлаб мусулмонларнинг ғазабли чиқишларига сабаб бўлди. Ўша маърузасидан кейин илк бор омма олдида чиқиш қилган Рим папаси ўзининг сўзлари мусулмонларни ранжитганидан афсусда эканини билдирган, аммо баъзи мусулмон давлатлар ва ислом уламолари бу етарли эмас, дейишмоқда. Хўш, нима учун Рим папаси афсус изҳор қилганидан сўнг ҳам мусулмонларнинг ғазаблари тинмаётир? Би-би-си ушбу савол билан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга мурожаат этди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Папа бу икки чиқишида узр сўрагани йўқ. Мусулмонларнинг ранжишини тушунолмаётганини айтаяпти. Мен узр сўрайман, деган гап йўқ у ерда. Би-би-си: Умуман папанинг чиқишига қайтадиган бўлсак, мусулмонларни энг кўп ранжитган нарса нима эди? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Албатта у биринчи чиқишида жуда қаттиқ ва оғир нарсаларни гапирди. Жумладан, Ислом ақлга тўғри келмайдиган дин, деди. Иккинчидан Византия императорларидан бири Муҳаммад Пайғамбарни ёмонликдан бошқа нарса олиб келмаган шахс деб айтган, деди ва бунга ўхшаган нарсалар қатор-қатор келди у ерда. Би-би-си: Рим папаси айтаяптики, мен тарихий бир китобдан иқтибос келтирдим ва бу менинг шахсий, ўзимнинг қарашларимни акс эттирмайди, деяпти... Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Хўп, ўзининг расмий чиқишида бир миллатнинг пайғамбари тўғрисида нима учун тарихий асардан иқтибос келтиради? Нима демоқчи бу билан? Албатта буни тушиниш керак. У оддий бир кўчада гапириб бораётган одам эмас. Ўзаро суҳбатни биров эшитиб қолиб айтаётгани йўқ. Расмий эълон қилиб, бир неча кун олдин Ислом тўғрисида ўз фикрини билдиради, деб ҳамма ёққа эълон қилгандан кейин ўзининг энг катта мажлислардан бирида, сиёсатчилар ва бошқаларни тўплаган жойда расмий қоғоздан ўқиб берган нарсани яна қандоқ қилиб билмай қолди, дейиш мумкин буни. Ватикан мусулмонларнинг ғазабларини бостириш мақсадида Рим папасининг нутқининг тўла матнини арабчага таржима қилиб тарқатиш ниятида. Балки ана ўша матннинг ўзини кўрмаганликлари ва мусулмонларнинг қандай контекстда айтилганидан тўла хабардор бўлмаганлари Сизнинг назарингизда бунчалик ғазабга сабаб бўлган бўлиши мумкинми? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Йўқ мумкин эмас, чунки пападек маъсулиятли одамнинг умуман ўша гапни айтишининг ўзи нотўғри. Ҳамма эътибор бериб турган одам айтадиган гапини ўйлаши керак. Мана бугун бошқа христиан черковлари ҳаммаси норозилигини билдираяпти бирин-кетин. Папани маъсулиятсиз гап гапирганлигини қаттиқ танқид қилишаяпти. Гапиришидан олдин ҳар бир сўзини ўйлаши керак эди, деб. Искандариянинг папаси - папа Шенуза икки марта чиқиш қилди. Бошқа черковлар ҳам буни қоралаяпти. Би-би-си: Ватикан ўтмишда айниқса Иоан Павел II даврида Ислом ва Насронийлик, яъни динлар ўртасидаги мулоқотни тарғиб қилиб келган ва Бенедикт XVI ҳам Туркияга ноябр ойида шу мақсадда ташриф буюрмоқчи. Сизнингча, унинг айтган сўзлари келажакда ушбу икки дин ўртасидаги мулоқот истиқболларига қанчалик зарар етказади? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Ҳозирнинг ўзида папа икки дин ўртасидаги муносабатларни бузиб бўлди. Мусулмон дунёси унга қарши чиқаяпти, ҳали айтганимдай мусулмон бўлмаганлар ҳам гапнинг нотўғрилигини таъкидлашаяпти. Яна узоққа бориб нима қилинади? Шунинг учун ҳозир вазиятни ўзгартириш учун ўша матнни Рим папасининг ўзи ҳам яхшилаб ўқиб кўриб, нотўғри жойларига узр айтиши керак. Бугунги айтган, кечаги айтган гапларини мисол учун Шайх Юсуф Қарзовий бу узр эмас, бу яна янги ҳақорат, деб айтди.
|