БМТ жаҳоннинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш истагида БМТнинг Олий Ассамблеясида дунё раҳбарлари Яқин Шарқ, Судан ва Ирокдаги инқирозлар билан бир қаторда, жаҳоннинг бошқа энг долзарб муаммоларини ҳам муҳокама этиш истагидалар. Ҳар йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий Ассамблеяси дунё раҳбарларини Нью Йоркка йиғиб, уларга ўз хавотирларини халқаро минбардан туриб, баён қилиш имконини беради. Халқаро ташкилотнинг Олий Ассамблеяси ҳам чекка-чеккада бўлиб ўтувчи қатор йиғинлар каби, дунёда мавжуд инқирозларга қарши туриш учун жаҳоннинг қудратли ўйинчиларини бир жойга тўплашнинг камдан-кам имкониятларидан биридир. Бирлашган Миллатлар бош котибининг айтишича, фуқаролар уруши ёқасида турган Ироқ жорий йилда бўй кўрсатган бўҳронлардан биригина эмасдир. Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг издан чиқаётганлиги ва Ливанда бир амаллаб эришилган оташкесимни тутиб қолиш каби муаммолар ҳам шулар жумласидандир. Ундан ташқари, бир жойда тўхтаб қолган Яқин Шарққа оид тинчлик музокараларини жонлантиришга қаратилган қатор мулоқотлар ҳам режалаштирилган. Яна бошқа музокаралар эса Бирлашган Миллатларга қарашли хавфсизлик кучларининг Дарфурга жойлаштирилишига рухсат бериши учун Суданга босимни кучайтиришга қаратилган. БМТ нуфузли мулозимларидан бирининг айтишича, Дарфурдаги ҳалокат издан чиқиш даражасига етиб қолган. Ҳам АҚШ Президенти Жорж Буш ва ҳам Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежодларнинг кириш нутқлари билан Эроннинг ядровий дастурига оид айтишувларнинг ҳам авжига чиқиши аниқ. Бироқ бугунги йиғинда иштирок этаётганларнинг кўпчилиги жорий ҳафта айни масалада бирор бир ўзгариш келтирмайди, деган ўйдалар.
|