Франса Президенти Жак Ширакнинг айтишича, Эроннинг ядровий дастурига доир муаммони ечишнинг энг мақбул йўли Теҳронни Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик кенгаши эътиборига ҳавола этиш эмас. " Мен мулоқотсиз бу масалага ечим топиш мумкин деб ишонмайман", деб айтган Ширак жаноблари ва Эронга қарши жазо чоралари билан таҳдид қилишни тўхтатишга чақирган. Америка Қўшма Штатлари агар Эрон уранни бойитишни тўхтатмаса Теҳронга қарши жазо чораларини қўллашга чақирмоқда. Президент Ширакнинг ушбу сўзлари БМТ Бош Ассемблеясига жаҳон раҳбарлари йиғилиши арафасида янграмоқда. Эрон ўзининг ядровий дастури устида фақатгина тинч йўлда фойдаланиш учун ишлаётганини урғуламоқда. Аммо Америка ва айрим бошқа давлатлар Теҳронни ядровий қуролларга эга бўлиш ҳаракатида айблашади. Президент Жак Ширакнинг Эронга нисбатан жазо чораларидан кўра музокараларни афзал кўриш борасидаги чақириғи жаҳон ҳамжамияти Эронга нисбатан муносабатини аниқлаштириб олиши кераклиги юзасидан босимлар кучаяётган пайтга тўғри келмоқда. Ўтган ой Эронга уранни бойитишни тўхтатиши учун БМТ берган муддат якунланди. Аммо Эрон бу талабларга қулоқ тутмаслигини аниқ-таниқ намойиш этмоқда. Эрон уранни бойитишдан тўхтагани йўқ.. Эроннинг ядровий дастури масаласи шу қадар нозик ва бу ўйинга тикилган улушлар миқдори шу қадар каттаки, Эронга халқаро талабларни бажариши ва уранни бойитишни тўхтатиши учун бир неча маротаба ён босишлар бўлди, унга қатор технологиялар ва савдо имтиёзлари таклиф этилди. Ахийри шу йил июлида БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронни бўйсундириш учун мажбурий қарор қабул қилди, бу қарорни бажармаса унга қарши иқтисодий ва дипломатик жазо чораларини қўлланиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Теҳрон август ойи охирида жавоб қайтаришга ваъда берди. Аммо бир ой ҳам ўтаяптики, Эрон раҳбарлари мавҳум ва аралаш баёнотлар билан чекланмоқдалар. Оврўпо Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Хавер Солана хусусий музокаралар воситасида муаммога ечим топишга уриниб кўраяпти. Ушбу музокаралар асосий нуқталари Жаноб Жак Ширак таклифларига ўхшашдир. Яъни БМТ санкциялари таҳдиди бекор қилиниши керак ва Эрон музокаралар пайти уранни бойитишини тўхтатиб туриши лозим.
|