Балки тарихни эмас, ўз ҳаётини эслаш кифоядир? Яна пахта ҳақида ёзишга қишлоқ хўжалиги бўйича ёш тадқиқотчи йигитнинг қуйидаги ҳикояси сабаб бўлди. Уни бор бўйича эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Воқеалар қайси замонни эслатиши, албатта яқиндан тарихдан хабардор кишига, яхши маълум бўлса керак. “Қишлоқ хўжалигига оид илмий тадқиқотлар қилувчи корхонамиз Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида жойлашган. Мен энг ёши бўлганим учун пахта масаласи бўйича мажлисга жўнатишди. Туманда борки корхона раҳбарлари ва вакиллари шу ерда йиғилган. Юқорида ҳоким ва прокурор ўтирган экан. Ҳоким юқоридан берилган махсус буйруқ бўйича ҳар бир корхонада пахта теримига жалб этиладиган ходимлардан иборат “пахта отрядлари” тузилиши ва зудлик билан теримга жўнатилишини айтди. Сўнг ҳоким ҳар бир отрядда қанчадан киши бўлиши ҳақида бирма-бир буйруқ бера бошлади. Бир корхона раҳбари 90 кишидан иборат отряд тўплаши ҳақида буйруқ олганидан кейин “кечирасиз, бизда бунча одам йўқ, қандай тўплайман” дея норозилик билдирди. Ҳоким прокурорга қаради. Прокурор буйруқ берди: “Олиб боринглар, қамоққа тиқинглар!” У одамни милиционерлар олиб чиқиб кетди. 20 йил олдин бўлганидек пахта режаси қандай усул билан бажарилаётгани ўйлантирмайди Эртасига кўрпа-тўшакни кўтариб туман марказига йиғилдик. Бизни автобусларда колонна қилиб, милиция ҳамроҳлигида Бўка туманига олиб бориб, олис бир қишлоқдаги хонадонларга жойлаштира бошлашди. Абгор бир ҳовлига кирдик. У ерда каталакдек 3 хона бор экан. Бу хонадон эгаларини битта хонага кўчириб, қолганларига бизни жойлаштиришди. Мен ва яна олти киши полсиз, зах ерга кўрпа-тўшагимизни солдик. Орамизда ҳамма касб эгалари, доктордан тортиб маҳалла қўмитаси қоровулигача бор. Шу пайт қўшни ҳовлидан шовқин эшитилди. Қўшни хонадон эгаси уйига “ҳашарчиларни” киритишга қаршилик кўрсатаётган экан. Биз ҳам кўчага чиқдик. Туман ҳокими ва ички ишлар бўлими бошлиғи милиционерлар ҳамроҳлигида етиб келди. Ҳоким буйруқ берди: “Ушланглар бу одамни, қамоққа тиқинглар! Кимки қаршилик кўрсатса, ҳаммасини олиб бориб қамоққа тиқинглар!” Биринчи куни 50 кило пахта тердим. Кейин белим ва буйрагим оғриб яхши тера олмадим. Далада бригадирлар ва фермерлар билан гаплашиб, уларнинг аҳволи бизникидан баттар эканини кўрдик. Раҳбарлардан эшитган гаплари фақат “қамоқда чирийсан, отиласан” экан. Колхоз раислари, бригадирлар ва фермерлардан “пахта режасини бажара олмасам ҳар қандай жазога розиман” деган тилхат мажбуран ёздириб олинибди. “Қамоқда чирийсан, отиласан”лар билан пахта терилаётгани ҳақида матбуот ёзмайди Аввал пахта теримига жалб қилинган техникаларга “йўл путёвкаси”си бериларди, ҳозир ҳар бир ҳайдовчига махсус ҳужжат берилган. Унда отряд рақами, қанча одам борлиги, кеча қанча пахта тергани ва бугун қайси пахта участкасида ишлаши каби маълумотлар кўрсатилиши ва тўлдириб борилиши лозим. Лекин отряддагиларга берилаётган овқатлар яхши экан, тўғри Тошкентдан олиб келар экан. Рости, уйда ҳам бундай овқатга қурбимиз етмайди. Тўртинчи куни уйга, хотинимга телефон қилган эдим кичик ўғлим касал бўлиб қолгани ва уйда егулик қолмаганини айтди. Раҳбарлар кетишга рухсат бермагач, уйга, Тошкентга қочиб келдим. Бир шеригим агар биз биркитилган колхоздан керакли одамни топиб 50 минг сўм тўласам мени ҳар куни пахта тераётган кишилар рўйхатига қўшиб қўйиши ва ўзим уйда юраверишимни айтди. Бироқ менда бу пул йўқ. Ҳозир бошлиғим тинимсиз уйга қўнғироқ қилади, тезроқ пахтага бор, агар бирор гап тегиб қолса, тамом, оқибати чатоқ бўлади, деяпти. Мен эса нима қилишни билмайман.”
|