Америка Қўшма Штатларида қарийб 3 минг инсон ҳаётига зомин бўлган 11 сентябр ҳужумларининг беш йиллиги муносабати билан хотира маросимлари ўтказилган. Тадбирлар шанба куни Ню-Йоркдаги Жаҳон Савдо Маркази миноралари жойлашган ерга яқин черковда бошланган, АҚШ Президенти Жорж Буш қурбонлар хотирасига гулчамбар қўйган. 11 сентябр фожеасининг беш йиллигини санаси маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8 дан 46 дақиқа ўтганда бошланди, ана шу дақиқада гаровгирлар қўлга олган дастлабки учоқ Жаҳон Савдо маркази эгиз минораларининг шимолийсига келиб урилганди. Черков қўнғироқлари чалинди, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ню-йоркликлар "эпицентр" деб атайдиган миноралар ўрнида қурбонлар исмларини зикр этишни бошладилар. Кун бўйи мамлакат бўйлаб давлат байроқлари ярим туширилган ҳолатда бўлди, ҳужумлар содир этилган ҳамда миноралар қулаган дақиқаларда эса Америка сукутга чўмди. Ибодатхонларда қурбонлар ёдига диний урф-одатлар бажо келтирилди. Манхэттендаги черковда ҳужумлар ортидан қутқарув ишларида ҳалок бўлган юзлаб ўт ўчирувчи хотираси ёдланди. Орадан 5 йил ўтибди ҳамки, шоҳидлар қарийб уч минг инсон умрига завол бўлган воқеаларни тасвирлашга ҳамон ожиз қолаётганларини айтишади. Эгизак минораларда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонлик Гавҳар Қамариддинова ҳам бўлган. Отаси Муҳаммад Қамариддиновнинг айтишича, Гавҳар Америкада иқтисодиёт соҳасида таҳсил олаётган бўлган, 2001 йил 1 сентябрида Жаҳон Савдо Марказидаги ширкатлардан бирига ишга жойлашган. Ўзбекистонлик талабанинг отаси қизи ўлимига ҳануз ишонмаслигини айтади. Ҳужумларнинг содир этилганига қараб, Ню-Йоркдан бошланган хотира маросимлари Пенсильванияга кўчди. Кейин эса ҳужумга тутилган Пентагон биносидаги қурбонларни ёдлаш учун Вашингтонда маросим ўтказилди. Хотирлаш маросимлари биргина Америка эмас, балки унинг иттифоқчилари бўлган ва ёки ҳужумларда ўз фуқароларини йўқотган бошқа қатор ўлкаларда ҳам нишонланди. Масалан, Австралияда, Бош Вазир Жон Ховард, қурбонларни хотирлаш қаторида, АҚШнинг террорга қарши урушини қўллаяжакларини такрорлади.
|