Бугунги кунда Қозоғистон шаҳарларида деярли ҳар бир кўчада казино-қиморхоналар фаолият кўрсатмоқда. Ҳатто ҳукумат томонидан Қозоғистон “Лас-Вегас”ини қуриш масаласи илгари сурилди. Мамлакатда илк казино 1992 йилда ташкил этилган. “Мираж” номли бу қиморхонада ўйнаш учун ҳатто одамлар навбатда турарди. Сал ўтиб эса қиморхоналар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайди. Ҳозир биргина Олмаота шаҳрида 50 та казино-қиморхона бор. Чимкентнинг ҳам ҳар бир кўчасида 2-3 тадан казино бор. Чимкентлик Нурлан ва Женис шаҳардаги казиноларнинг доимий мижозларига айланганига уч йил бўлди. Уларнинг айтишича, казинога ҳордиқ чиқариш, дам олиш учун келишади. Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг аҳолисининг 60 фоизи ҳеч бўлмаса бир марта қиморхонада ўз омадини синаб кўрган. Казиноларнинг доимий мижозлари 30 ёшдан катта эркаклардир. Ўйинчиларнинг икки фоизини аёллар ташкил қилади. Сўнгги пайтларда эса казинога қизиқиш янада кучайиб бормоқда. Айниқса, 2001 йилдан кейин мамлакатда қиморхоналар сони кескин ошди. Айни пайтда Қозоғистонда 150 дан ортиқ казино ва ўйин автоматига эга 30 мингдан кўп зал бор. Кузатувчилар бу қиморхоналарнинг эгалари, асосан, маҳаллий амалдорлар эканини айтади. “Битта казинони ишга тушириш учун салкам бир миллион доллар миқдорида маблағ сарфланиши ҳисобга олинса, унинг хўжайинлари қандай одамлар эканини тасаввур қилиш қийин эмас”, - дейди сайрамлик Нодира Хўжаева. Кўпчилик қиморга қизиқишнинг кучайишини қозоғистонликларнинг бойиб бораётгани билан изоҳлайди. Қорамуртлик Рустам Абдуллаев эса казинолар ва ўйин залларига ҳалол пул топадиган одамлар кирмаслигини таъкидлайди. Мамлакатда қиморхоналар кўпайгани сайин турли хилдаги жиноятлар ҳам ошиб бораётганини кузатиш мумкин. Полиция маҳкамалари маълумотига кўра, ўтган йили Олмаота шаҳрида банк ходими ўзи ишлайдиган банкдан 200 минг доллар пулни ўғирлаб, қимор ўйнаган. Қиморга ютқизгач, мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлган. Остона шаҳрида эса вазирликларидан бирининг ходими қимор ўйнаб, жуда катта миқдорда пул ютқазиб қўйгандан кейин ўзини ўзи ўлдирган. Султонработлик ўқитувчи Мавжуда Раҳимова қозоғистонлик ўзбеклар орасида ҳам қимор ўйини ишқибозлари кўпайиб бораётганини қайд этади. Ҳатто баъзи ўзбек гастарбайтерлари ҳам тез-тез қиморхоналарга кириб туради. Полициянинг билдиришича, Оқтобе шаҳрида қиморда ютқазган гастарбайтер кўчада икки одамни тунаб, сўнг ўлдирган. Йил бошида қозоқ ҳукумати қиморхоналарга қарши ҳужум бошлади. Бу билан ҳукумат қиморхоналарни бутунлай ёпиб ташлаш ниятида эмас. Фақат уларни шаҳар марказларидан ташқарига олиб чиқиш масаласи ўртага қўйиляпти. Ҳатто қозоқ “Лас-Вегас”ини ташкил этиш бўйича махсус лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилди. Бу иш 2007 йилда амалга оширилиши кўзда тутиляпти. Маълум бўлишича, қиморхоналар мамлакат бюджетига жуда катта фойда келтирмоқда. Ҳар йили қиморхоналардан тушган солиқлардан давлат хазинасига миллионлаб доллар тушади.
|