Қозоғистонда паст малакали ишчиларга талаб мавжуд Қозоғистон матбуоти хабарларига кўра, мамлакатда бошланган муҳожирларни қонунийлаштириш жараёнига мувофиқ 45 минг нафар ноқонуний муҳожирга Қозоғистонда яшаш ва ишлаш ҳуқуқи берилган. "Казахстан тудэй" ахборот агентлигининг мамлакат Ички ишлар вазирлигидан иқтибос келтиришича, бу меҳнат муҳожирларининг 33 минги ўзбекистонликлардир. Қозоғистон МДҲда меҳнат муҳожирларига нисбатан бундай жараённи қўллай бошлаган биринчи давлатлардан. Хўш, бу мамлакат иқтисодиёти учун қанчалик фойдали? Би-би-си ушбу савол билан қозоғистонлик шарҳловчи Досим Сатпаевга мурожаат қилди.
Досим Сатпаев: Қозоғистон Марказий Осиёнинг тез суръатларда ривожланаётган давлатларидан бири. Табиийки, меҳнат бозорида маълум миқдорда талаб мавжуд. Аммо бу талаб асосан малакаси юқори бўлмаган ишчиларгадир, бунда масалан қишлоқ хўжалиги, қурувчилик соҳасида ишлайдиганлар назарда тутилади. Бу соҳаларда қозоғистонликларнинг ўзларининг ишлашга одатда хоҳишлари йўқ. Айнан шу соҳаларда бўшлиқ юзага келгани туфайли Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келадиган меҳнат муҳожирлари қурувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда савдо-сотиқ соҳасида иш топишади.
Қозоғистон 15 миллионча аҳолига эга холос. Шундай экан муҳожир ишчиларга талаб юқори бўлиб қолади. Нафақат арзон ишчи кучи, балки яхши мияларга ҳам талаб ошади. Менимча, Қозоғистон меҳнат муҳожирлари учун қўйилган квотани оширади.