Портлашлар мусулмонлар ғазабини қўзғаган Ҳиндистоннинг Махараштра штатидаги Малегаон шаҳрининг жомеъ масжиди ёнида бир неча портлаш рўй берган. Полиция ва маҳаллий шифохонадан хабар қилишларича, камида 37 киши ҳалок бўлган. Жума намози тугаганидан кейин масжид ёнида юз берган портлашлардан кейин 125 дан зиёд инсон жароҳатланган, Малегаон шаҳри шифохонаси ходимлари ярадорларнинг 20 нафарининг аҳволи оғирлигини билдиришган. Масжидда минглаб намозхонлар йиғилган бўлган. Воқеа гувоҳлари тўрт маротаба портлаш содир бўлгани ҳақида айтганлар, бироқ дастлаб уч портлаш ҳақида гапирган штат полицияси вакиллари портлашларнинг аниқ сони ҳақида расман маълум қилмаганлар. Махараштра штати полицияси раҳбари ПС Пасрича Малегаонда вазият изга тушаётганлигини айтган. "Вазият танг бўлса-да, ҳозир назорат остида. Ҳудудда комендантлик соати жорий этилган," деб айтган штат полицияси раҳбари. Малегаон шаҳрининг аксар аҳолисини мусулмонлар ташкил қилади, бу ерда илгари ҳам маҳаллий аҳоли ўртасида диний низолар келиб чиққан. Жума кунги портлаш маҳаллий мусулмонларнинг ғазабини қўзғаган, шаҳарга қўшимча полиция кучлари жалб этилаётгани хабар қилинган. Малегаонда шу йил полиция кўп миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар топганди. Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх портлашларни қаттиқ қоралаган.
|