Афғонистон жанубий-шарқидаги меҳмонхонларнинг бирида худкушлик ҳужуми уюштирилган. Камида ўн беши қурбон бўлган ва йигирма бешдан ортиқроқ одам яраланган. Ҳужум юз берган минтақа Пактика вилояти ҳудудида бўлиб Покистон билан чегарага яқиндир. Қурбон бўлганларнинг аксарияти фуқаролар экани айтилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муҳаммад Акрам Ихпулвок маълумот берган. Хабарга кўра, худкуш ҳужумчи аслида туман раҳбари ва афғон армияси махсус кучларининг кўмондонини нишонга олган. Худкушлик ҳужуми юз берган маҳалида икковлон меҳмонхона ресторанида нонушта қилаётган бўлишган. Хокимнинг айтишича, уларга енгил тан жароҳати етган. Жароҳатланганлар орасида болалар ҳам борлиги айтилмоқда. Мамлакат шарқида вазият нотинч Ўтган ой охирларида америкалик ҳарбийлар, Покистон билан Афғонистоннинг чегара ҳудудларида жангариларнинг ҳужумлари уч маротабага ортганини айтишганди. Икки раҳбар зўравонликлар бўйича икки хил фикрда... Бундан икки ойча аввал Покистон ҳукумати Шимолий Вазиристон вилоятидаги қабилалар раҳбарлари билан имзолаган тинчлик битимига кўра, қабилалар Толибон дастакловчиларининг Афғонистон-Покистон чегарасидан ўтишлари олдини олишлари, бунинг эвазига Покистон ҳукумати бу ҳудудларда ҳарбий амалиётлар ўтказмаслиги керак. Октябрнинг сўнгги кунлари Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондонлиги вакили полковник Жон Парадиснинг Толибон янада фаоллашгани ҳақидаги баёнот берди. Айни шу вақтда Вашингтонда АҚШ Президенти Жорж Буш Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳамда Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан Вашингтонда учрашуви ҳам бўлиб ўтган эди. Ушбу учрашувда Покистон ва Афғонистон раҳбарлари бир-бирлари билан суҳбатлашмаганлар, ҳатто қўл бериб кўришмаганлар. Жаноб Ҳомид Карзайнинг фикрича, айнан Покистоннинг Шимолий Вазиристонида тинчлик битимга эришилганидан кейин жангарилар Афғонистон ҳудудидаги фаолликларини оширганлар. Афғонистон раҳбари Покистон ҳукуматини ўз ҳудудида жангариларнинг ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганликлари ва ундан кейин Афғонистон ҳудудига ўтиб ҳужумлар уюштираётганига кўз юмиб келаётганликда айблайди. Шунингдек, жаноб Карзай покистонликлар Толибон раҳбарларини ўз мамлакати ҳудудида яшираяптилар, деб ишонади. Покистон Президенти Парвез Мушарраф эса Президент Карзайни ўз идорасидан ташқарини назорат қилолмаётганликда айблаган эди. Жаноб Мушарраф Шимолий Вазиристонда имзоланган битим Толибонга қарши кураш учун аҳамиятли эканини урғулаб келади.
|