Американинг етакчи сиёсатчиларидан бири Жон Болтон Ливан саноат вазири,аксилсурия сиёсатчи Пьер Жмайлнинг жонига уюштирилган суиқасд Ливан ҳукуматига қарши давлат тўнтаришининг илк босқичи бўлиши мумкин деб айтган. Жаноб Болтон Би-би-сига гапираркан, Жмайл жанобларининг ўлимига доир текширувлар натижалари юзасидан башорат қилишни истамаслигини айтди. Бироқ, унинг таъкидлашича, Ливанда аввал кузатилган қотилликларда Суриянинг қўли борлиги ҳақида айтилгани одамларни шундай деб хулоса қилишга ундайди. Айни пайтда Жон Болтон жаноблари агар Пьер Жмайлнинг ўлими ортида Сурия тургани исботланса, бунинг оқибатлари ёмон бўлиши юзасидан ҳам огоҳлантиради. Сурия эса, Ливандаги сиёсатчиларнинг жонига уюштирилаётган суиқасдларга мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади. Би-би-сининг Вашингитондаги мухбирига кўра, Қўшма Штатлар дипломатик жиҳатдан мушкул вазиятда қолган. Кўринишидан Ироққа қаратилган стратегия устида фаолият олиб бораётган асосий маслаҳат ҳайъати у ердаги зўравонликларга узоқ муддатли ечим топиш учун Сурияни жалб этишни таклиф этиш эҳтимоли катта. Пьер Жмайлга қарши уюштирилган суиқасд эса, буни амалга тадбиғини янада қийинлаштиради. Айни пайтда АҚШ расмийси Сурия муносабатларни нормаллаштиришдан олдин террорчи гуруҳларни дастаклашни тўхтатиши кераклиги ҳақидаги Вашингитоннинг мавқеини яна бир бор такрорлаган. Аммо, -дейди ббс мухбири,- Сурияга террор ҳомийси деган тамға ёпиштириш билан бир вақтда у билан Ироқдаги оловни ўчиришда ҳамкорлик қилиш мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқариши аниқ.
|