43 ёшли Александр Литвиненеко пайшанба куни кечқурун Лондон касалхоналаридан бирида вафот этди, аммо унинг ўлими сабаблари ҳануз номаълум қолмоқда. Британия полициясига кўра, улар ҳозирда "номаълум ўлим сабаблари" юзасидан текширув бошлаганлар. Александр Литвиненконинг дўстларига кўра, у Россия ҳукуматининг танқидчиси бўлгани туфайли ҳам уч ҳафта аввал атайдан заҳарланган. Россия эса унинг ўлимига алоқаси йўқлигини билдирмоқда. Касалхона ташқарисида Литвиненко оиласи номидан матбуот вакиллари билан суҳбатлашган Алекс Голдфарб унинг ўлимини "даҳшатли жиноят", дея таърифлади. Литвиненконинг дўсти ва собиқ КГБ ходими бўлган Олег Гордиевский ҳам "бу русларнинг иши", демоқда. Россия ҳукумати матбуот котиби Би-би-си билан суҳбатда Александр Литвиненконинг ўлимини "даҳшатли фожеа", дея таърифларкан, мазкур ҳодисага Москванинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. Унга кўра, бу каби айбловлар "мутлақо мантиқсиздир". Россия парламентининг ташқи масалалар бўйича қўмитаси аъзоси Константин Косачев эса, бу - Россия обрўсига доғ туширмоқчи бўлганларнинг иши, деган. Литвиненеконинг ўлимидан аввал Британия полицияси ҳам "атайлаб заҳарлаш" гумони юзасидан иш юритаётганини маълум қилганди. Текширувчилар унинг 1 ноябр куни Лондондаги меҳмонхоналардан бирида собиқ КГБ ходими ва яна бошқа бир шахс билан учрашуви тафсилотларини ўрганишаётганди. Меҳмонхонада Литвиненко билан учрашган собиқ КГБ ходими Андрей Луговой Британ рўзномаларидан бирига берган интервьюсида у билан "Миллениум" меҳмонхонасида учрашганлигини тан олган, аммо заҳарлаш уринишига алоқаси борлигини қатъиян рад этган. Литвиненко билан худди ўша куни учрашган яна бир шахс, хавфсизлик масалалари бўйича италиялик маслаҳатчи ва Россия махфий хизматлари фаолияти юзасидан парламент текширувларини олиб бораётган Марио Скарамелла эса баъзи электрон мактублар юзасидан маслаҳатлашиб олиш учун учрашгандик, дея изоҳ берганди. Александр Литвиненко 2000 йили "тазйиқлардан қочиш мақсадида", дея Британиядан бошпана сўраганди. Яқинда унга Британия фуқаролиги ҳам берилгани айтилади. У яқинда Москвада отиб кетилган мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Анна Политковскаянинг ўлими юзасидан мустақил текширув олиб бораётганди. Шунингдек, жаноб Литвиненко "ФСБ Россияни портлатмоқда", деган китоб муаллифи ҳамдир. Дастлаб Литвиненкони оғир таллий метали билан заҳарлангани гумон қилинганди, лекин кейинчалик радиоактив моддалар ишга солингани ҳам тахмин этилди. Охирги хабарларга кўра, Британия полицияси радиоактив моддалар билан шуғулланувчи мутахаcсисларини текширув жараёнида ёрдам бериш учун ишга жалб қилган. Кун охирига бориб полиция Литвиненко заҳарланган куни тушлик қилган япон ресторанида радиоактив модда қолдиқлари топилганлигини тасдиқлаган. Полиция шунингдек, Литвиненко пешобида ҳам полоний 210 радиоактив моддасининг қолдиқлари топилганлигини маълум қилган.
|