Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев мамлакатда президент ваколатларини қисқартириб парламентга кўпроқ ҳуқуқ берадиган янги конституцияни имзолаган. Олдинроқ янги конституция лойиҳаси Қирғизистон Жоқорғу Кенгеши томонидан маъқулланган эди. Мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилиниши Қирғизистон пойтахтида бир ҳафта мобайнида мухолифат тарафдорлари уюштирган норозилик намойишларининг якуний натижаси бўлди. Мухолифат Президент Бакиевни қудратга келтирган 2005 йил мартидаги "Лола инқилоби" пайтидаги ваъдаларининг устидан чиқмаганликда ва Қирғизистонда янги конституция қабул қилинишини бир ярим йил чўзиб келганликда айблади. Бишкекда Қирғизистон президентининг янги конституцияни имзолаш маросими журналистлар кўз ўнгида бўлиб ўтган. "Қирғизистон республикасининг янги конституцияси турли сиёсий кучлар ўртасидаги келишувнинг натижасидир ва мамлакатимизнинг демократия томон яна бир қадами", деб айтган Президент Бакиев. "Бу бизнинг ғалабамиз, бу тинчлик томон қўйилган қадам", деб айтган мухолифат раҳбари Роза Отунбоева парламент янги конституцияни қабул қилганидан намойишчилар рўпарасида гапираркан. Отунбоева хоним Қирғизистонда фуқаролар урушининг олди олинди, деб айтган. Ўзгаришларни талаб қилиб бир ҳафтани Ала-Тоо майдонидаги чодирларда ўтказган намойишчилар янги конституцияни байроқларни ҳилпиратиб, мушаклар отиб нишонлаганлар. Янги ўзгаришларга биноан, Қирғизистон парламент ваколатлари кенгайган президент-парламент бошқарувидаги республикага айланади. Ҳукуматни президент эмас, сайловларда ғалаба қозонган партия шакллантиради. Пайшанба куни эрталабдан Ала-Тоо майдонидаги чодирлар шаҳарчасини йиғиштириш бошланган.
|