Брюсселда Оврўпо Иттифоқи расмийлари билан учрашаётган Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати Андижон воқеаларини ўрганиш учун экспертлар учрашуви ўтказишни таклиф этган. Сўнгги қадам Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув талабларига ён бераётганини англатадими, йўқми, қоронғу. Оврўпо Иттифоқи ўзбек томонининг таклифини олқишлашини айтган. Иттифоқ томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, учрашув шу йил охирига қадар бўлиб ўтади. Оврўпо Иттифоқи, шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида зудлик билан мулоқот бошлашга тайёрлигини ҳам билдирганини айтган. Мажбурий қадам? Андижон воқеаларидан сўнг биринчи музокаралар Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қайта кўриб чиқиши арафасида ўтмоқда. Жазо чоралари Андижондаги исённи бостиришда ҳукумат қўшинлари меъёридан ортиқ, номувофиқ ва тартибсиз равишда куч ишлатгани учун жорий этилгани айтилган. Ўзбекистонга қурол-яроғ, ҳарбий ускуна ва ички қатағонларда ишлатилиши мумкин бўлган бошқа жиҳозларнинг экспорт қилиниши тақиқланган, 12 Ўзбекистон расмий мулозимининг Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудига кириши ҳам чекланганди. Ўзбекистон раҳбариятининг Андижон хунрезлиги юзасидан мустақил текширув ўтказилишига қаршилиги яна бир бор қораланиши кутилаётган Оврўпо Иттифоқининг навбатдаги муҳокамаси душанба кунига мўлжалланган. Иттифоққа аъзо айрим давлатлар, хусусан, Олмония Ўзбекистонга нисбатан санкциялар кутилган натижани бермагани учун Ўзбекистон раҳбарияти билан мулоқотларни қайта тиклаб жазо чораларини енгиллаштириш керак, демоқдалар. Бироқ Британия, шунингдек Халқаро Инқироз гуруҳи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Хюман Райтс Уотч ташкилотлари жазо чораларини янада кучайтирилиши тарафдоридирлар.
|