Агар одамзод ҳозирги суръатларда балиқ тутишни давом эттираверса, шу асрнинг ўрталарига бориб дунё денгизларида балиқлар буткул қирилиб тугаши мумкин, деб ҳисоблайди нуфузли илмий гуруҳ. Тадқиқотчиларнинг халқаро гуруҳи ўзлари келган хулосаларни Science журналида чоп этганлар. Ушбу хулосаларга кўра, жаҳоннинг сув ҳавзаларидаги жами балиқларнинг учдан бир қисми камайиб улгурган, камайиш тезлиги янада кучайган. Бунинг асосий сабаби денгизлардаги биологик хилма-хилликнинг издан чиқишидадир, деб ҳисоблайдилар олимлар. Ҳозирда мавжуд заҳираларни асраб қолиш учун балиқ ови тақиқланган ҳудудларни янада кенгайтиришни маслаҳат беришади мутахассислар. Сув ҳавзаларидаги аҳвол тўғрисидаги ҳисобот муаллифларидан бири Борис Вормнинг Би-би-сига айтишича, худди денгиз жонзотлари битмас-туганмасдек иш тутилаяпти. "Биз океанлардан шундай фойдаланаяпмизки, гўё бизда буткул қириб юбориладиган денгиз ҳайвонлари турлари ўрнини босадиган яна қандайдир жониворлар бордек. Шуни айтмоқчимизки, балиқлар заҳираси чегараланган. Биз уларнинг учдан бир қисмини ишлатиб бўлдик, бу кетишда буткул қириб юборишимиз мумкин", дейди Борис Ворм. "Биз океандаги биологик турлар, умуман, тирик экосистема билан муомаламизни буткул ўзгартирмасак, бу аср биз тоза балиқ гўшти таъмини татиб кўрадиган охирги аср бўлиши мумкин", дейди Калифорниядаги Станфорд университети олими Стив Палумби.
|