Бишкекда Президент Бакиевнинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчиларнинг чиқишлари давом этмоқда. Юзлаб мухолифат тарафдорлари пойтахтнинг марказий майдонида чодирлар тикиб олишган. Баъзи ахборот агентликлари Қирғизистон Бош прокуратураси мухолифат раҳбарларига нисбатан давлат тўнтариши айблови билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар тарқатишган. Аммо Бош прокуратура мулозими Би-би-си билан суҳбатда бу хабарларни рад этди. Бишкекдаги мухбиримизга кўра, намойишни юзлаб милиция ва хавфсизлик кучлари кузатиб турганига қарамай, ҳозиргача бирон ҳодиса юз бермаган ва Бишкекда осойишталик ҳукмрон. Қирғизистонга ташриф буюрган Олмония ташқи ишлар вазири Франк Волтер Штайнмайер қирғиз расмийларини намойишчилар билан музокара олиб боришга чақирганини айтган. Жаноб Штайнмайер ҳукумат мулозимлари намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка ваъда берганларини билдирган. Баъзи жамоатчилик гуруҳлари раҳбарлари Президент Бакиев конституциявий ислохотларни амалга оширишга рози бўлгани тақдирда муҳолифат билан муроса мумкинлигини айтишган. Аммо Бишкекдаги мухбиримизнинг айтишича, бу каби баёнотларга қарамай, томонлар ён беришга боришларининг бирон белгиси йуқ. Мухолифат ҳануз Президентнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Намойишлар Президент мухолифат таклиф этган ислоҳотлар режасини рад этиши ортидан бошланган. Ушбу режа Президент ҳокимиятини чеклаш ва парламентга кўпроқ ваколат беришни назарда тутади. Мухолифат ўтган йилги "лола инқилоби" номини олган оммавий намойишлар натижасида ҳокимиятга келган Президент Бакиевни инқилоб тамойилларига хиёнат қилганликда айблайди. Мухолифатга кўра, ҳукумат собиқ Президент Асқар Акаев даврида илдиз отган порахўрлик ва таниш-билишчилик сингари иллатларга қарши етарли чораларни кўрмаган ва мамлакатни қашшоқликдан чиқариш йўлида жиддий ислоҳотлар олиб борилмаётир. Мухолифат намояндалари Президент Бакиевни давлатни Акаев сингари ўзининг яқинлари билан бошқараётганликда ҳам айблайдилар.
|