Татаристон Президенти Минтемир Шаймиевнинг айтишича, унинг республикаси лотин алифбосига ўтиш режасидан ҳозирча воз кечиб туради. Лондонга сафари чоғи Би-би-си билан суҳбатда гапирган жаноб Шаймиев, лотин алифбосига ўтиш Татаристон ичидаги ва ташқарисидаги татарлар ўртасидаги ришталарга салбий таъсир этиши мумкин, деб айтган. Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан йирик газ заҳиралари жойлашган Татаристонда исломий ва миллий туйғулар кучайганди. Татаристонда бўлгинчилик авж олишини истамаган Кремль Қозондаги ҳукуматга махсус мақом берган эди. Аммо Президент Путин даврида минтақаларнинг Москвага тобелигини оширишга ҳаракатлар кетмоқда. Паспортда миллатни кўрсатиш, ҳужжат учун ҳижобда суратга тушиш ва ё лотин алифбоси каби масалалар татарлар ва Кремль орасида айрим келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлди. Минтемир Шаймиев: Тўғрисини айтганда, Татаристон президенти сифатида республикамиздаги татарларнинг ҳозир лотин алифбосига кўчишларини мен истамайман. Айнан ҳозир бу ишга қўл уриб бўлмайди. Ўйлаб, кўринг-а, дунёда 7 миллиондан ортиқ татар яшаса, уларнинг 2 миллиони Татаристонда истиқомат қилади, холос. Агар биз лотин алифбосига кўчсак, ташқаридаги татарлар билан ёзувимиз икки хил бўлиб қолади. Қолган 5 миллион татар лотин алифбосини қабул қила олмайди-ку? Масалан, Бошқирдистондаги татарлар сони миллионга яқин. Аммо у ерда татарларнинг лотин алифбосига кўчишларига изн беришадими? Акс ҳолда, биз ўз қўлимиз билан бир миллатни иккига бўлиб ташлаймиз-ку. Би-би-си: Минтемир Шарипович, татарлар дунёдаги энг маълумотли мусулмон миллатларидан ҳисобланади. Асрлар давомида улар руслар билан ёнма-ён яшаб келишган. Турли даврларда татарларнинг миллий ўзлиги ва динларига қарши амалиётлар олиб борилган. Бугунги кунда дину миллий ўзликни сақлаб қолиш татарлар учун нақадар жиддийлик касб этади? Минтемир Шаймиев: Татарлар кейинги йилларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини қўлга киритиш йўлида қаттиқ ҳаракат қилдилар. Илгарилари республикада бор-йўғи 23 та масжид бўлган бўлса, хозир масжидларимиз сони 1100 тага етди, балки бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Чунки ҳамон масжидлар қурилиши давом этмоқда. Бу масжидларга эса имомлар керак. Шу боис имомларни тайёрлайдиган мадрасалар ҳам очаяпмиз. Буёғини сўрасангиз, Ислом Университети ҳам ташкил этдик. Ҳозир Қозон кремли ёнида улкан ва гўзал жомеъ масжиди тиклаганмиз. Унинг ёнида эса насроний черкови ҳам бор. Хуллас, биз динлар орасидаги тинчлик-тотувлик ҳамда ўзаро тушунишни мана шу тахлит амалга ошириб бораяпмиз. Би-би-си: Чеченлар Москва бошқарувига қарши узоқ йиллардан бери кураш олиб боришади. Татарлар эса сўнгги асрларда Россия билан ўзаро келишиб яшашмоқда. Шундайин ҳолатда чеченлар ва Москва орасида тинчлик-тотувлик ўрнатиш йўлида Татаристон қандайдир бир ўрин тутиши мумкинми? Минтемир Шаймиев: Мен ҳозирги вақтга келиб бу каби бир вазифани адо этиш имконияти йўқолганини қайд этган бўлар эдим. Илгариги вақтларда, ҳали Жоҳар Дудаев ҳаётлиги пайтларида ҳам бу вазифани елкамизга олишимиз ва саъй-ҳаракатлар олиб боришимиз мумкин эди. Аммо энди бундай имконият йўқ. Россия ҳукумати ҳозир чеченлар билан ўртадаги муаммони ўзлари ҳал этиш имконини қўлга киритишлари мумкинлигини билдиришмоқда. Қолаверса, мен ҳам энди бу уларнинг ўзлари амалга оширишлари зарур бўлган масала, деб биламан. Лекин, шаксиз, низолар энди-энди бўй чўзган пайтларда худди шундай бир воситачилик лозим бўлган эди. Эсингизда бўлса, ўша пайтлари мўлжалланган президент Елциннинг Жоҳар Дудаев билан учрашувлари амалга ошмай қолиб кетди. Менинг фикримча, агар ўшанда улар учрашганларида эди, Чеченистонда ҳозиргидек хунрезлик ва қонтўкишлар бўлмасди, балки.
|