Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Бан Ки Муннинг БМТ бош котиблигига номзодини Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси маъқуллаган. Бан Ки Мун Бирлашган Миллатлар ташкилоти раҳбарлигига илгари сурилган олти номзоднинг орасида вето қўйилмаган ягона номзоддир. БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда ўнта сайланадиган аъзолар ўртасида ўтган норасмий овоз беришда бирор бир мамлакат Жанубий Корея номзодига овоз бериб ўтказмаслик ҳуқуқини қўлламаган. Ундан олдинги норасмий овоз беришларда ҳам жаноб Бан Ки Мун ғолиб чиққан. Расмий овоз беришнинг келаси душанба куни ўтказилиши мўлжалланган. Хавфсизлик кенгашининг тавсияси БМТ Бош ассамблеясига маъқуллаш учун тақдим этилади. Кофи Аннаннинг ўн йиллик бош котиблик муддати шу йилнинг 31 декабрида якунланади. Бирлашган Миллатларда бу гал осиёлик киши ташкилотга раҳбар этиб сайланиши керак, деган фикр кенг тарқалган. Бундан олдин 1961-1971 йилларда бирмалик У Тхант БМТ бош котиби лавозимини эгаллаган. Барча овоз беришларда 62 ёшли Бан Ки Мундан кейинги ўринни эгаллаган Ҳиндистон номзоди Шаши Тарур бундан кейин ўз номзодини илгари сурмаслигини маълум қилган. "Бош котиб бўлиш шарафли ва ўта масъулиятлидир ва мен жаноб Банга ушбу лавозимида муваффақият тилайман", деб айтган Шаши Тарур. Би-би-сининг Нью-Йоркдаги мухбири Крис Морриснинг хабар қилишича, афтидан БМТда жаноб Бан Ки Мун номзодидан ҳамма ҳам шод эмас. Жаноб Бан унча кўзга ташланмаган шахс бўлиб, ташкилот учун ҳозирги мураккаб шароитда унинг Бош котиби таниқли шахс бўлиши керак эди, деган мулоҳазалар билдирилмоқда. Бироқ БМТнинг таъсир кучига аъзолари, айниқса, Америка Қўшма Штатлари Бирлашган Миллатларни машҳур "дипломатик юлдуз"нинг эмас, дунё миқёсидаги малакали маъмур шахснинг бошқаришини хоҳлайдилар ва шу маънода жаноб Бан Ки Мун номзоди энг маъқул номзоддир, урғулайди Би-би-си мухбири.
|