2006 йилдаги тиббиёт соҳасидаги Нобел мукофотини Генетика соҳасида "РНК-аралашув" деб ном олган кашфиётни ихтиро қилган икки америкалик олимга топширишга қарор қилинган. РНК-рибонуклеин кислоталардир. "Эндрю Фаер ва Крейг Мелло генетик ахборот оқимини назорат қилишга асосланган фундаментал механизмни кашф қилганлари учун 2006 йилдаги тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофоти лауреатлари бўлдилар", дейилади мукофот ташкилий қўмитаси баёнотида. Эндрю Фаер ва Крейг Меллонинг ўтказган тадқиқотлари асосида қилган ихтиролари "RNA interference" ёки "РНК-аралашув" феномени деган ном олган. Ушбу феномен ўсимликларда, ҳайвонларда ҳамда инсонларда мавжуд бўлиб, у инфекцияга қарши курашда организмнинг ҳимоя кучларини сафарбар этиш ва танада бўлган беқарор генлар устидан назоратни бир хил даражада ушлаб туришда иштирок этади. Бу дегани вақти келиб ушбу ихтиро мутахассисларни организмга зарар келтираётган геннни ўчириб қўйиш ёки сусайтиришга йўл очади. Яъни, вирусли инфекция ва саратон сингари қатор касалликларни даволашнинг янги усулларини кашф этишга йўл очилади. Мисол учун, организмдаги кўпайиб ва кенгайиб бораётган саратон ўсимтасига учраган ҳужайра генини буткул ўчириб қўйиш имкони пайдо бўлади. Эндрю Фаер ва Крейг Меллонинг РНК-аралашув алоҳида бир генни ўчириб қўйишга олиб келиши мумкинлигини ҳақидаги мақоласи 1998 йилда "Nature" журналида чоп этилган. Нобел мукофоти учун қарийб 1 миллион 400 минг АҚШ доллари берилади. Яқин кунлар орасида 2006 йилдаги физика, кимё, адабиёт ва тинчлик учун Нобел мукофоти совриндорлари номлари эълон қилинади.
|