Шукрона Холдор Вулқон Қўшни қизни эслаб Оқар эди дарё ёйилиб, Сув олгани келардинг хумда. Оёғингни ўпар эди сув, Қолар эди изларинг қумда. Сўлим ҳовли, салқин шаббода, Сочбоғингни келарди ечгинг. Сезмас эдинг, мен ёзиб отган, Мактубимни ямларди эчкинг. Сени кўрсам қолардим қотиб, Мисли тошдан йўнилган ҳайкал. Зирилларди қурулдоқ кеча, Ойдинда сув таралган пайкал. Лаъли, гавҳар юлдузлар билан, Тун осмони кетганда бойиб. Ухлар эдинг баланд сўрида, Сочларингни дарёдай ёйиб. Балки ҳамон бизсиз соҳилнинг, Тўлқинлари бир-бирин қувар. Қорадарё ой лаганида, Юлдузларни олтиндай ювар. Шукрона Оллоҳим, анави ён қўшним борку, Ўшандан дегин Белкурак олувдим ер ағдаргани. Ўша қўшним бир соат ўтмай, Берган белкурагин сўраб чиқибди. Сен бўлсанг Туғулганимдан бери ишлатиб юрган Белкуракдан афзал қўлларимни Мана, қирқ етти йилдирки Қайтариб бер дея қистаб келмайсан, Яқинда дегин, Комхоздан, Б.Т.И дан, Горгаздан, Элэктросетдан, Солиқ идорасидан Одамлар келди Семиз-семиз попка кўтариб. Тўлов миқдорини эшитгач, Ҳушдан кетай дедим, кўкариб. Оллоҳим, Яхшиямки фаришталаринг, Семиз-семиз попка қўлтиқлаб, Қуёш, ёмғир, шамол ҳақини Суруштириб келмас уйимга Яхшиямки нафас йўлимга Ҳаво ҳисоблагич ўрнатмагансан
|