Қайтиш Юсуф Жумаев. Андижон қирғинидан қочган ўзбеклар қирғинбошига тавба қилиб Узбекистонга қайтдилар Она халқим қайтдингми, Соғиндингми қўрангни. Сенинг қонингга ташна Қўчқорингни тўрангни. Тавба қилиб қайтдингми, Нодонликда йўқ поён. Ўзбекдир жаллодидан Узр сўраган қурбон. Совимай сенга фидо Шаҳидларингнинг гўри. Чорладими елиним Сутдан тўлди деб бўри. Қайтдингми сиртмоғингга Қайтдингми қопқонингга. Ростга кўниколмайин Қайтдингми ёлғонингга. Ҳурлик ҳаваси – жаннат Ҳавоси ёқмадими?! Қайтдингми дўззаҳингга Зиёси ёқмадими?! Қайтдингми она элим, Кундангга, кушхонангга. Эрларнинг Қонига ғарқ Эрга дор Фарғонангга. Тавба қилиб қайтдингми Нодонликда йўқ поён. Ўзбекдир жаллодидан Узр сўраган қурбон.
|