Бугун
МҲСК стадионида Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтди. Хабарингиз бор,
финалга Тошкентнинг икки жамоаси «Пахтакор» ва «Қурувчи» клубилари етиб
келишган эди. Ўйиндан олдин майда савалаб ёққан ёмғир майдоннинг
аҳволини жудаям ачинарли ҳолга солиб қўйди. Учрашув бошланиши билан эса
бу ёмғир аста-секин кучая борди. Айтиш мумкинки, бунақа ҳавода тўп
суриш футболчиларга жиддий қийинчиликларни келтириб чиқарди. Майдондаги
кичик-кичик кўлмаклар футболчиларнинг бир-бирига аниқ тўп оширишида
ноқулайлик туғдирарди.
Шу сабабли учрашувнинг илк
дақиқасиданоқ майдондаги футболчилар пала-партиш ўйин кўрсата бошлашди.
Биринчи бўлимда тўп асосан майдон марказида ҳаракат қилишига қарамай
бўлим анча асабий тарзда ўтди. 22-дақиқада «Пахтакор» ҳужумчиси
Ихеруоме Уче «Қурувчи» клуби ҳимоячиси Бахтиёр Ашурматовга нисбатан
атайин қўпол ўйнади ва бош ҳакам қоидабузарни иккиланмасдан майдондан
четлаштирди. 10 киши бўлиб қолганлигига қарамай пахтакорчилар иложи
борича кескин ҳужумлар уюштириб рақиб дарвозасига хавф солиб турди.
Лекин 1-бўлимда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим Азиз
Ҳайдаровнинг майдондан четлатилиши билан эсда қолди. Бу вазиятда Азиз
рақибига нисбатан қўпол ўйин намойиш қилган эди. Жамоалардаги ўйинчилар
сони яна тенглашганидан сўнг пахтакорчилар ўйин тизгинини ўз қўлларига
олишди. Бир нечта хавфли ҳужумлар уюштирилган бўлсада, ҳисоб ўзгаришсиз
қолди. Ҳакам қўшиб берган 15 дақиқалик икки бўлим ҳам голсиз
якунланганидан сўнг жамоалар пеналтилар сериясига тайёргарлик кўра
бошлади. Ундан сал олдинроқ эса иккала жамоаларнинг асосий
даврозабонлари ҳам захирадан ўрин олди. Равшан Ҳайдаров пеналтилар
серияси учун махсус дарвозабон Темур Жўраевни майдонга туширган бўлса,
Бугалонинг олган жароҳати ўйинни ортиқ давом эттира олмаслигини
кўрсатди ва сўнгги дақиқаларда унинг ўрнини Олег Беляков эгаллади.
Айнан
шу охирги ўзгариш Равшан Ҳайдаров жамоаси учун омадли келди. Рашид
Ғофуровнинг зарбасини қайтарган Жўраев ўйин қахрамонига айланди. Якунда
«Пахтакор» клуби пеналтилар серияси бўйича 7:6 ҳисобида ғолиб чиқиб
Ўзбекистон кубоги соҳибига айланишди.