Кондолиза Райс: 'Ироқдаги қурбонлар ўзини оқлайди' Кондолиза Райс Райс хонимнинг айтишича, Ироқдаги демократия Яқин Шарқ қиёфасини ўзгартиради Америка Қўшма Штатлари Давлат котибаси Кондолиза Райснинг айтишича, Ироққа қурбон келтирилган инсонлар ҳаёти, ажратилган куч ва сарфланган молия ўзини оқлайди, чунки Ироқда барқарор демократия ўрнатилиши Яқин Шарқни ўзгартириб юборади. "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги билан суҳбатда Райс хоним Ироқни Вашингтон ташқи сиёсатининг марказий мавзуси деб атаган. "Тил жуда муҳим, айниқса сиз бу тилда кенг жамоатчиликка мўлжаллаб ўз сиёсатингизни тақдим қилмоқчи бўлсангиз", деб ёзади Би-би-си мухбири Жонатан Маркус АҚШ давлат котибасининг "Ассошиэйтед Пресс" агентлигига берган интервюсини шарҳларкан. Американинг Ироққа нисбатан сиёсатини ўзгартиришга даъват қилган Бейкер-Хэмилтон ҳисоботи эълон этилганидан буён ҳар бир баёнот, ҳар бир хабар ва ҳар бир мулозим тилга эътиборлироқ бўла бошлади. Айрим иборалар ўзгарди - масалан, Ироқда собит туриш деган ибора истеъмолдан тушиб қолди, деб ёзади Би-би-си мухбири. Аммо тил ва сўз бошқа, ҳаёт бошқалигича қолмоқда. Кондолиза Райс хоним сўнгги интервюси билан эса бир маънода "қаранг, биз тилни ўзгартирган бўлишимиз мумкин, аммо Американинг Ироққа нисбатан сиёсати драматик бир тарзда ўзгармади", демоқчи. Доктор Райс Президент Буш каби Ироқда ғалабага эришиш мумкин, деган қарашида собит қолмоқда. Вашингтонда эса тобора Ироққа кўпроқ қўшин юбориш ҳақида гап- сўзлар урчиб борар экан, ростдан ҳам Американинг сиёсати Ироққа нисбатан сўзда кичик бир ислоҳларга юз тутаётгандай кўринса ҳам, аслида фундаментал стратегик мақсадлар ўзгармаган кўринади.
|