Марказий Осиё Остонадан бошланмоқдами? Рустам Қобил Остонадаги улкан ўтов Қозоғистон тараққиётини кўз-кўз қилиш ниятида Остонада улкан ва ажабтовур иншоотлар қурилмоқда Совет Иттифоқи қулаши ортидан Марказий Осиё сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий ўзгаришларга юз тутаркан, минтақанинг "шўровий" марказлари ҳам ўзгара бошлаган.Йирик бозорлар Қирғизистонга кўчаётган бўлса, Қозоғистон қашшоқлашган минтақадаги оддий ишчи кучидан тортиб, илм-фан ҳамда санъат аҳлини ҳам ўзига тортаётир. Бу ўринда мамлакат тараққиётининг рамзи сифатида яйдоқ қозоқ даштларида гуркираб ривожланаётган ва каттараётган янги шаҳарларни қайд этиш мумкин. Қозоғистоннинг янги пойтахти Остона сиёсату ҳокимиятга алоқадор касб вакилларини ўзига тортса, тижорат ва санъат аҳли Алматини афзал билишади. Каспий бўйидаги Ўтров шаҳри эса аллақачон бу мамлакатнинг "нефт пойтахти" номини олган бўлиб, ўн минглаб ғарблик мутахассислар мазкур шаҳарчада истиқомат қилишади. Бир неча кун илгари Лондондаги "Метро" газетаси Ўтровга бориб, у ерда қозоқ қизига уйланган бир шотландиялик ошпаз ҳақида мақола чоп этди. Маълум бўлишича, боёқиш куёв ўз мамлакатига қайтишдан кўра, Алматида қолиб, умргузаронлик қилишни афзал кўраркан. Ўқимишли ёшлар орзуси Британияда молия соҳаси бўйича билимини ошираётган алматилик Мухтор исмли йигитни, Лондондаги қозоқ дўстларим орқали учратганман. Илк учрашувдаёқ у гап орасида тезроқ Қозоғистонга кетиш нияти борлигини айтди. "Ўқишимни тугалласам, насиб этса, Қозоғистонга, тўғрироғи, Остонага қайтаман" - деганди Мухтор. Қозоқ ёшлари Қозоқ ёшларининг порлоқ келажакка ишончлари ёлғиз гапда эмас, амалда ҳам мустаҳкамлана бошлаган Бугун Польшаю Туркия, Хитою Литвадан одамлар Ғарбий Оврўпога келишга ошиқаётган бир пайтда, Мухторнинг "иложи борича тезроқ ватанга қайтиш" орзуси мени ҳайратлантирмай қолмади. "Бугун Қозоғистонда халқнинг моддий аҳволи ўнгланмоқда, тараққиёт кўзга ташланади. Менинг хорижда олган билимим эса молия тизими бўйича ватанимда яхши маошли иш топишимга ёрдам беради" - дейди Мухтор ишонч билан. Британияда мен гаплашган кўплаб қозоқ ёшлари бугун билим ва малакага эга мутахассис Қозоғистонда таниш-билишсиз ҳам яхши иш топиши мумкин, деб қайд этардилар. "Маошим етарли.." "Менинг тўрт нафар болам бор. Уларни ўқитиш, ўзига тўқ одамлар бўлишларига кўмаклашиш керак. Худди шу учун ҳам Остонага кўчиб келдим " - дейди асли алматилик Кикбай Косаев. Суҳбатдошимнинг айтишича, у Алматидаги ишини ташлаб, Остонага кўчиб ўтган. Энди эса журналистлик касби ортидан ойига минг долларга яқин маош олади. "Остонадаги янги ишимнинг орқасидан уй олдим, машиналик бўлдим. Худога шукур, Ўзбекистон ва ё Қирғизистондагига ўхшаб, дипломни сандиққа ташлаб, бозорга чиқиб "прилавка" орқасида ўтирганим йўқ" - дейди Қозоғистонда яшаётганидан мамнун Кикбай. Суҳбатдошим бир пайтлари арзонгина шаҳарча бўлган Остона қимматлаб кетаётганини қўшиб қўяркан, барибир, одамлар қўлига келиб тушаётган пул ҳам кўпаётганини урғулайди. Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Минтақадаги етакчилик мавқеи бугун Қозоғистонга ўтаётганини кўплаб таҳлилчилар тан олишади "Маошимдан орттириб, болаларимни шартнома билан институтларда ўқитишга қурбим етаяпти. Хорижий тилларни ўрганиб, яхши мутахассис бўлсанг, Қозоғистонда хор бўлмайсан-да" - дейди Кикбай. Тўғриси, ўтган 10-15 йил ичида "маошим етарли", деган марказий осиёликни учратмаганим учунми, кейинги саволга ўтиш олдидан анча-мунча ҳайратланиб қолганим рост. Бир неча ой бурун Би-би-сининг инглиззабон аудиторияси учун мўлжалланган Марказий Осиё ҳақидаги туркум радиолавҳалар ҳам айнан Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридан бошланганди. "Бутун Остона улкан қурилиш майдонига ўхшайди. Қозоғистонликлар нефт туфайли оқиб келаётган пуллардан замонавий шаҳарлар барпо этишга, айниқса, Остонани дунёга кўз-кўз қилишга қаттиқ интилмоқдалар"- дейди туркум лавҳалар муаллифи Фирдавс Робинсон. Суҳбатдошимнинг айтишича, ҳали-ҳамон Қозоғистонда ҳал этилиши лозим сиёсий ва иқтисодий муаммолар талайгина, аммо сўнгги йиллар турмуши яхшиланаётганини, мамлакат тараққиётидан дастурхони тўлаётганини айтаётган қозоқлар ҳам оз эмас. "Ўзбекларда Амир Темур бор, қирғизларда эса "Манас" достони мавжуд. Қозоқлар эса миллий ифтихор рамзи ўлароқ Остонани дунёга намойиш этишни истамоқдалар" - дейди Фирдавс Робинсон. Эски дунё, янги тарих ХХ аср давомида Россию Украинадан, Узоқ Шарқу Қозоғистондан инсонлар ризқ излаб ёки мажбуран Ўзбекистонга келишган. Дунёнинг мавжуд қонуниятлари у қадар ўзгармаган эса-да, аммо тарих чархпалаги эндиликда бошқача айланаётгани рост. Қозоғистон бозорларию қурилишларида, далаларию қўчаларида ишлаётган минглаб ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик кичик тожирлару ишчиларни ҳеч ким рад этмайди. Қозоғистон Қозоғистоннинг гуркираётган иқтисоди тобора кўпроқ ишчи кучини талаб этмоқда Бир неча ой бурун эса Қозоғистон расмийлари бу меҳнат муҳожирларининг қонуний мавқеларини мустаҳкамлайдиган квота тизимини жорий эта бошлашди. Илк даврада айни мавқени олганларнинг аксариси эса ўзбекистонликлар эди. "Ошпазлар, қурувчилар ва деҳқонлар, кўпинча, ўзбеклар ё қирғизлар бўлишади" - дейди остоналик Кикбай. "Улар бу ерда маҳаллий ишчилардан кўра анча кам маош олишса ҳам, барибир, ўз ватанларида ўша 200-300 доллар ҳам катта пул шекилли-да" - дейди суҳбатдошим. Лондонда ўқийдиган қозоғистонлик Мухторнинг айтишича, илк йиллари қўшни Ўзбекистон ё Қирғизистондан келганларга иш бериш керакдир, аммо маҳаллий мутахассисларни кўпайтириб, устиворликни Қозоғистон ватандошларига бериш даркор. Нефт бор, инсоний заҳиралар керак Бироқ дунёнинг улкан ҳудудли давлатларидан бири бўлмиш Қозоғистонда аҳоли нисбатан сийрак жойлашган. Худди Оврўподаги каби аҳоли сони камайиши ҳам кузатилади. "Қозоғистонда ҳам малакали, ҳам малакасиз ишси кучига эҳтиёж катта. Яхши маош олаётган қозоғистонликларнинг болалари хорижий юртларда ўқиб келишмоқда ва улар замонавий вазифаларда ишлайдилар. Оғирроқ ва "қора" ишларни эса қўшни юртлардан келганлар бажаришади" - дейди Фирдавс Робинсон. Остона шаҳри Қозоғистон Ғарбу Шарқ тамаддунлари ва динлар орасида тотувликни рағбатлатирадиган давлат сифатида ҳам ўзини намоён этмоқчи Суҳбатдошимга кўра, бугун биргина минтақа аҳли бу мамлакатга ризқини излаб келаётгани йўқ. "Нефт саноати ва унга туташ соҳаларда Ғарбу Шарқдан келган минглаб ажнабийлар меҳнат қилишади. Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ расмийлари ҳам нефтга бой бу мамлакатга серқатнов бўлиб қолишган" - дейди Фирдавс Робинсон. Дарҳақиқат, бир ой олдин Британияга ташриф буюрган Президент Назарбоев Лондонда олий даражада кутиб олинди. Бош Вазир Тони Блэйр эса Нурсултон Назарбоев билан учрашув чоғида Қозоғистондаги суст демократик ислоҳотлар ҳақида гапириш у ёқда турсин, "Президент Назарбоевнинг ўз мамлакатини қандай бошқараётганига тасаннолар ўқийман"- деб қайд этди. Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистонда сиёсий ислоҳотлар секин кечаётган эса-да, лекин иқтисод шиддат билан ўсмоқда. Лекин бу биргина нефтга эмас, балки сармояларни жалб эта олишга ҳамда иқтисодий ислоҳотларни оқилона амалга ошира билишга боғлиқ, дегувчилар оз эмас. Таҳлилчиларнинг ўйлашларича, энергия манбаларига ташна Хитой, минтақадаги сиёсий ва иқтисодий таъсирини бой беришни истамаётган Россия, ўз газ ва нефт манбаларини ранг-баранглаштиришга уринаётган Оврўпою Америка орасида сиёсат юргиза билиш муҳим, лекин ўта мушкулдир. Кўпчилик Қозоғистон худди шу вазифани моҳирона уддаламоқда, дейишади. Сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай? Қозоғистон минтақанинг янги маркази ва етакчиси сифатида бўй кўрсатаяптими? Бундан минтақанинг бошқа давлатларига қандай манфаат етиши мумкин?
|