Juma, 20.12.24, 04.58
Приветствую Вас bemor
Главная

Регистрация

Вход

RSS
Главная » 2006 » Декабрь » 24 » Ўзбекистон таваллуди Пенсон асарларида
Ўзбекистон таваллуди Пенсон асарларида
00.51
Ўзбекистон таваллуди Пенсон асарларида

Ибрат Сафо


Ўқувчилар
Пенсон асарлари ўзгаришлар давридаги эҳтиросларни илғашга уринади

Лондонда совет модернизмининг нисбатан нотаниш юлдузларидан бўлган ўзбекистонлик суратчи Макс Пенсоннинг кўргазмаси очилди. Россиялик бадавлат тадбиркор Роман Абрамович ҳомийлик қилаётган кўргазмада намойиш этилган суратлар 1917 йил инқилобидан сўнг Ўзбекистон тажрибасида идеал социалистик мамлакат қуриш йўлидаги жадал ҳаётни акс эттиради.

Бу Совет Иттифоқи ва, жумладан, Ўзбекистон тарихидаги осон давр эмасди. Одамлар йўқчилик, талофот ва оғир мехнат ичра фожеалардан омон чиқишга уринганлар.

1920 ва 40-йиллар ўртасида совет республикалари учун намуна деб кўз-кўз қилинган Ўзбекистонга совет модернист санъатининг асл юлдузлари юбориларди, улкан ўзгаришлар маскани бўлган Ўзбекистон совет ташвиқоти учун ўта муҳим бўлган.

Бироқ, Лондондаги кўргазма ташкилотчиси Ольга Свибловага кўра, бошқа фотосуратчилардан фарқли ўлароқ, Пенсон ҳеч қачон ташвиқот билан шуғулланмаган ва Совет Иттифоқига хизмат қилмаган.


Ўқувчилар
Илк пионерлар
“У инсонларга хизмат қилган. Бу ўта ноёб мувозанат, у ҳам инсонларга ва ҳам санъатга хизмат қилган. Макс Пенсон ўта инсоний фотосуратларни яратди. У даврдаги бошқа ҳеч қайси совет модернистларида бу каби психологик ўткирликни кўриб бўлмайди,”- дейди у.

Кўргазмада намойиш этилган кўплаб суратлар социалистик пропаганда кун тартибига мос ва совет ҳокимияти остида ҳаётни идеаллаштиришни мақсад қилиб олган жараёнларни акс эттиради.

Бироқ, Пенсон ўзи учун алоҳида моделларни топишга ҳам уринган.

Пенсон оддий ўзбекларни суратга олиб, мушкул даврдан ҳикоя қилади. Унинг асарлари учун танланган, аммо совет ташвиқот плакатлари учун муҳим бўлмаган қариялар, қишлоқ болалари, дехқонлар каби қахрамонларининг асл ҳиссиётларини унинг асарларида кўриш мумкин.

Белоруссиянинг Велиж қишлоғида туғилган Макс Пенсон 1915 йилларда яҳудийларга қарши босимлардан қочиб, Қўқонга келади ва рассомчилик муаллими бўлиб мактабга ишга киради.

Унга фотокамера совға қилингач, Пенсон Тошкентга кўчиб ўтади ва профессионал суратчилик фаолиятини бошлайди.

Маҳаллий тилни мукаммал ўрганган Пенсон бутун Ўзбекистон бўйлаб сафар қилиб, таъбир жоиз бўлса, мамлакатнинг солномасини яратади.


Спортчилар
Оммавий спорт машқлари коллектив руҳни уйғотишни мақсад қилган
Ольга Свибловага кўра, Марказий Осиёни Пенсончалик ҳеч ким ўз фотосуратларида акс эттира олмаган.

“Мана бу қишлоқлардан келган ўсмирларга қаранг! Улар ҳеч қачон бировнинг олдида ечинишмаган ва мана бу ҳатто спорт либоси деб айтиш қийин бўлган калта иштонларда улар ўзларини ўта ноқулай сезишмоқда. Уларга рус гимнасти қандай қилиб диск ирғитишни ўргатмоқда. Аммо, ўсмирлар умуман ўзларини йўқотиб қўйишган. Улар спортчига ишончсизлик ва қўрқув билан қарашмоқда,”- деб тасвирлайди Свиблова хоним суратлардан бирини.

Дарҳақиқат, коллектив гимнастика суратлари бу каби манзарадан кутишингиз мумкин бўлган мукаммал уйғунлашувни акс эттирмайди. Аксинча, яна бошқа бир суратда акробатлардан бири ўз мувозанатини йўқотгандек, унинг таянчи бўлган шериги эса нарвонни ташлаб юборишига сал қолаётгандек.

Спортлаштириш сиёсати ҳар бир тоталитар тизимнинг ажралмас қисмидир. Гитлер Олмонияси, Хитой ва Шимолий Қуриядаги ёппасига амалга оширилувчи гимнастика машқлари Совет Иттифоқида бошланган анъана деб кўрилади.

Спортчи ва жисмонан бақувват аҳоли эса Совет Иттифоқининг ҳарбий ва саноатлаштириш сиёсати учун зарур эди.


Йирик мамлакат йирик ҳарбий арсеналга муҳтож эди
Макс Пенсоннинг суратларидаги қурол ушлаб қадам ташлаётган ёш ўзбек спортчи йигитлар, найза отаётган қиз ва сузувчи аёллар бу сиёсатнинг кўламидан бир ишора.

Кўргазмага келган Анна исмли қиз Макс Пенсон суратлари ўзбекларнинг ўтиш давридаги тарихидан яхши ҳикоя қилади, дейди.

“Бу асарларда мен Ўзбекистонга мажбуран киритилаётган ўзгаришлар даврини кўраяпман. Албатта, таълим, спорт ва саноат мамлакат учун фойдали бўлган бўлиши мумкин, аммо айни дамда кўп урф-одатлар йўқолгандек. Масалан, аёллар юзларини очиб озодликка чиққан, лекин улар ўз шахсиятларини йўқотгандек намоён бўлишади.”

Ўзбек аёллар Макс Пенсон асарларида ўта муҳим ўрин тутадилар.

Ўзбек аёли Пенсон учун илҳом париси эди. Рубенс ва Веласкес каби буюк рассомлар фаолиятида бўлгани каби аёл унинг асарларида ҳам марказий роль ўйнайди.

Аммо, ўзбек аёли мураккаб субъект эди. Чунки, авваламбор, “Совет аёли” номли шахснинг ўзи ҳали афсона бўлган.

Асрлар оша оёғига осилган қулфлар, оилага бўлган анъанавий таянчидан халос этиб, аёлни ўқитиш, уни озод этиш шўро тизими учун ўта аҳамиятли эди.

Марказий Осиёдаги оилавий ва диний анъаналарни барбод қилишнинг энг оқилона усулларидан бири, бу аёлни ана шу ҳаёт билан боғлаган ришталарини қирқиб, уни замонавийлаштириш экан, Шўро мафкураси қўлидаги яна бир қурол бўлган эмансипация ғояси Ўзбекистонда тўла ишга солинди.

Аёлларнинг фабрика ва заводларга ишга ёлланиши билан эса ишчи кучи икки бараварга ошди.


Ўзбек мадоннаси
"Ўзбек Мадоннаси" Пенсонни Ғарбга танитди
Бироқ, романтик Пенсон бу жараёнда аёл гўзаллигига ўзгача кўз билан қарайди.

У ўзи учун тарихдан, Оврўпо уйғониш даври асарларидан таниш бўлган мифологик мавзуларни ишга солади.

Италян рассомчилигини бутун вужуди билан севган Пенсон шу даврда “Ўзбек Мадоннаси” асарини яратди.

Бу фотосуратда намоён бўлган атлас кўйлак, қирқ кокил ва дўппили аёл ёқасидан кўкрагини чиқариб, фарзандини эмизмоқда.

Айнан шу асар учун Макс Пенсон 1937 йилда Парижда нуфузли мукофотга сазовор топилади.

Мазкур асар анъанавий ўзбек ва Совет маданияти ўртасидаги тўқнашувнинг ёрқин намунасидир.

Пенсоннинг архиви 1926 ва 1949 йиллар ўртасида Тошкентда "Правда Востока" газетаси учун фаолият юритган даврида олган 30 мингтача суратни ўз ичига олади.

Бироқ Ғарб таъсирига учраганликда айбланиши ҳамда Сталин тузумининг аксил-семитик сиёсати туфайли у суратчилик рухсатномасидан ажралади.

Қарийб 25 йиллик карьерасининг барбод бўлишидан тушкунликка тушган Пенсон ўз ҳаётининг охирги ўн йилини хасталик билан ўтказиб, 1949 йилда вафот этади.

Буюк суратчининг фарзандларига кўра, у тунлари боғида катта аланга ёқиб, Совет раҳбарларига хуш ёқмаслиги хавфи бўлган минглаб суратларни йўқ қилган.

Бизнинг кунларгача сақланиб қолган Пенсон суратлари билан томошабин нафақат ўтмишга сафар қилади, балки улкан ўзгаришлар даврини бошдан кечирган оддий инсонларнинг ҳис-туйғулари билан танишиш имконига эга бўлади.

Кўргазма Лондоннинг Сомерсет Хаус кўргазмалар уйида 2007 йил 24 февралигача очиқ.

Категория: Maqolalar | Просмотров: 1334 | Добавил: gulruh | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Разделы новостей
She'rlar [22]
Hikoyalar [4]
Rasmlar [2]
Maqolalar [90]
Kundaliklar [5]
Yangiliklar [75]
Форма входа
Календарь новостей
«  Декабрь 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Наш опрос
Bu sayitni admini qayerda yashaydi?

[ Результаты · Архив опросов ]

Всего ответов: 31
Мини-чат
200