“Оврўполиклар чинакам бахт нима эканини тушунишмайди. Бахт - тирикчилик йўлида тирсак ва муштлар ёрдамида машаққатли кураш натижаси эканини улар англай олишмайди”, - дейди муҳожирлик кўйлагини биздан кўпроқ йиртиб улгурган танишим. 'Ўзимизникилар!' Юртни ва юртда қолган яқинларни қўмсаш азобига тўйинган муҳожирлик кунларимиз бир-бирини қувлаб ўтаркан, аслида турли ирқдаги муҳожирлар мамлакатига айланиб бораётган Ҳолландияда собиқ Иттифоқдан келган “макондошлар” ҳам етарли эканини кашф қилдик. Ўзимиз каби бундай “собиқлар”ни ҳар қандай вазиятда адашмасдан ажратиб олиш мумкин. Ҳатто ҳолландчада қойиллатиб сўзлаётганида ҳам улар аслида дунёнинг олтидан бир қисмига тегишли эканини айрича талаффуз ошкор қилиб қўяди. Қолаверса, уларнинг аксари жонсараклиги билан ажралиб туради. Кунларнинг бирида супермаркетда танишиб қолганимиз Анжела Александровна исмли аёл ҳам тилидан илинди. Етти йил аввал Бокудан оиласи билан қочқин сифатида келган Анжела хоним Ўзбекистондан эканимизни, устига устак русча сўзлашимизни билгач, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Оилавий ўзаро борди-келдилар бошланиб кетди. Ажойиб одамлар—бу ерда маблағни қандай тежаш лозимлигидан тортиб, оврўпача ҳаёт нозикликларигача беғараз насиҳатларини аяшмайди. Биз бу бегона юртдаги дастлабки йиллар азобини босиб ўтдик, ишқилиб сизлар биздек машаққат чекманглар, дейди хоним ва қулай фурсат бўлди дегунча кечмишларига бизни ҳам шўнғитади. 'Бечора оврўполиклар!' Амстердамда норинж байрамини нишонлаш Аммо мувофиқ машғулот турлари ҳам кўп Ҳолландияга қадам қўйганимиздан сўнг дастлабки ҳайратлар орқада қолгач, тўғриси, бирданига юрагим ҳувиллаб қолганди. -дейди Анжела хоним. - Қаерда бўлмай, қулоғим динг турарди бирор таниш сўз эшитиб қолармиканман деб. Ёки маҳаллий телеканалларда собиқ Иттифоқ тўғрисида кўрсатув бўлса, телевизорга кириб кетгудек бўлардим. Бу ерда ҳамма нарса бошқача - сохта иқлими тобора соғликни емириб боради, шаштингни сўндиради. Шундай дамларда ўзимизнинг бўронларни, шалаббоси чиққан ўйдим-чуқур йўлларни қўмсайман. Бирданига электрни ўчириб қўйишлару ойда-йилда бир ёнадиган газ туфайли бахтларга ғарқ бўлишимизни соғинаман. Бу ернинг чиннидек тоза йўлларида юриб, барибир роҳат қила олмайман - ўзимизнинг кўлмакли йўллардан дорбоз каби юриб ўтишга нима етсин! Ёки бўлмаса, йўлакда қолдирилган машинангни эрталаб бус-бутун кўрганингдаги бахтни айтмайсанми! Мушкулингни осон қилишга доим шай турган маҳаллий миршабларнинг хуш муомаласи энсангни қотиради. Йўқ, ахир кўнглим даҳанаки жанг қилишни, масъул идоралар остонасига бош уриб, ялиниб-ёлворишни истайди. Ким нима деса десин, аммо оврўполикларнинг бахти асло бекам эмас. Ахир улар бир йил аввалги маош берила бошлаганидаги сархушликни биз каби ҳис қила олишадими? Ёки бир неча кунлаб чироқсиз яшаётган шаҳарда дафъатан электр ёнган чоқда атрофни бахтиёр хайқириқлар босиб кетишини-чи! Аксинча, яшаш учун курашга эҳтиёж йўқлиги, яшаш шароитлари-ю турмуш даражасининг бекаму-кўстлиги фикрлаш қобилиятини ўтмаслаштиради. Тирикчилик учун кураш эҳтиёжига ўрин қолмас экан, одамлар мувофиқ машғулот топа олишмайди. Тўқчилик сабаб хафақонлик, асаб касалликлари ривожланади. Бу ерда кўплар руҳшунослар хизматидан фойдаланишлари ҳам шундан. Ҳолландияда ижтимоий таъминот юқори ўринларда туради. Агар ишсиз бўлсангиз, маҳаллий ҳокимият мунтазам тарзда сизга uitkering, яъни нафақа тўлаб туради. Бу нафақа миқдори энг зарур эҳтиёжларга бемалол етади. Иш билан бандлар эса даромадларидан давлатга улкан солиқлар тўлашга мажбур. Али Хўжа-ю Хўжа Али дегандек, кўплар ижтимоий фойдали меҳнатдан кўра, ишсиз деган номни маъқул кўра бошлашган. Юртни қўмсаш туйғуси қарийб бир касалликка айланган Анжела хонимнинг сўзларини тингларканман, юртда қолган яқинларимга ёки Қозоғистону-Россия кенгликларида тирикчилик учун “шиддатли жанглар олиб бораётган” юртдошларимга ҳолландлар “бахтсизлиги”ни илингим келди. ВВС Гаштак ёхуд дўппини ерга қўйиб... Давом қилаётган 13 май Австралияю Америкагача ёйилган Анжон лаҳжаси Муносабатлар Хurshid, Тoshkent Menimcha, muhojirlar aynan vatandan uzoqda bo'lganlari uchun ham, o'z vatanlaridagi kamchiliklarni qumsashadi. Agar o'sha hollandlar ham sobiq SSSR mamlakatlariga kelib yashashganlarida edi, tabiiyki, sharqliklarning qo'shtirnoq ichida bo'lmagan baxtsizliklari to'g'risida gapirishgan bo'lar edi. Nima bo'lganda ham har kimni o'z yurtidan qo'ymasin.
|